Ўзбекистон | 10:56 / 09.08.2018
8029
4 дақиқада ўқилади

Мулкчилик ва ижара бўйича иккита қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш таклиф этилди

Фото: KUN.UZ

Адлия вазирлиги уларни ўз кучини йўқотган деб топишни таклиф этмоқда, сабаби қонунлар ҳавола қилувчи нормалар ва эскирган атамалар билан тўлган, янада долзарб бўлган қонун ҳужжатларига зид келади ва амалда ўз аҳамиятини йўқотган, деб ёзади Norma.
 
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида салмоқли далиллар келтирилади:
 
• иккала қонун мустақил давлат оёққа тураётган ва бозор муносабатларига ўтаётган илк даврда қабул қилинган: «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонун – 1990 йил октябрда (яъни Ўзбекистон ССРда), «Ижара тўғрисида»ги Қонун – 1991 йил ноябрда;
 
• уларда ҳавола қилувчи нормалар жуда кўп, ҳар бирида 30 тадан ортиқ, бу қонун ҳужжатлари ижросини анча қийинлаштиради. Айрим ҳолларда ўз кучини йўқотган «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Қонунга ҳаволалар учрайди («Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига қаранг);
 
• қонунларда айни пайтда қонун ҳужжатларида қўлланилмаётган тушунчалар ва атамаларни топиш мумкин. Масалан, «ажнабий фуқаролар» ва «жумҳурият» («хорижий фуқаролар» ва «республика» атамаларининг эскирган шакллари), «корхоналар ва ташкилотларнинг хўжалик бирлашмалари», «кооператив мулк», «коллектив корхонасининг мулки» ва бошқалар;
 
• нормалар такрорланиши ва бошқа қонун ҳужжатларига зид келиши ҳолатлари кўзга ташланади:
 
а) «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонун аввалгидек хусусий, ширкат (жамоа), давлат маъмурий-ҳудудий тузилма мулки (коммунал), аралаш, бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари ҳамда халқаро ташкилотларнинг мулки сингари мулкчилик шаклларини ўз ичига олади. Бу Фуқаролик кодексига мувофиқ келмайди, унда мулк атиги иккита шаклга эга: хусусий ва оммавий (ФКнинг 167-моддаси). Бундан ташқари, қонун нормаларининг асосий қисми эскирган, уларнинг айримлари Фуқаролик, Оила, Уй-жой кодекслари ва бошқа ҳужжатларда такрорланади;   
 
б) «Ижара тўғрисида»ги Қонун деярли тўлалигича Фуқаролик кодексида акс этган. Ижара – битим тури. Кодексда битимлар тўғрисидаги умумий қоидалар батафсил тартибга солинган (ФКнинг 9-бобига қаранг), мулк ижарасига алоҳида 34-боб бағишланган. Бунинг устига, унинг айрим нормалари бошқа ҳужжатларга зид. Мисол учун, ижара корхоналарини барпо этиш тартиби («Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига қаранг) Фуқаролик кодексининг корхонани ижарага бериш тўғрисидаги нормаларига (ФКнинг 34-боби 5-§) мувофиқ келмайди.
 
Бошқача айтганда, кўрсатилган қонунлар ҳозирги қонунчилик ривожланиши ҳолатига ва иқтисодий тамойилларга жавоб бермайди. Мулкчилик ва ижара муносабатлари соҳасидаги муносабатлар тизимли равишда ва яхлитлигича ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлаш, мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш учун уларни ўз кучини йўқотган деб топиш керак.  

Мавзуга оид