9 сабаб: Нима учун Ўзбекистон энг саёҳатбоп мамлакатлар топ-рўйхатида бўлиши керак?
Ўзбекистондан қайтганимдан буён менга энг кўп бериладиган савол: "Сизни у ерга боришга нима мажбур қилди?"
DameTraveler нашрида Ўзбекистонга биринчи марта саёҳат қилган хорижлик аёл диёримиз билан боғлиқ таассуротлари билан бўлишади ва нима учун Ўзбекистон энг саёҳатбоп мамлакатларнинг топ-рўйхатида бўлиши кераклигига доир тўққиз сабабни келтиради.
"У ерга боргунимга қадар Ўзбекистонда бўлган бирор кимсани танимас эдим ва айнан шунинг учун ҳам бу ўлка менда қизиқиш уйғотди. Янги сирли манзиллар мен учун доим қизиқ бўлган. Бу экзотик мамлакатда 10 кун бўлган бўлсам, энди мени энг кўп ўйлантираётган савол: Нима учун одамлар у ерга бормайди? Дунёдаги барча кўздан яширин жавоҳирлар орасида Марказий Осиёнинг бу хазинаси етарлича қадрланмагани шубҳасиз. Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун тўққиз сабабни келтираман:
Ўзбекистон - Буюк Ипак йўлининг бебаҳо жавоҳири
Қадимда Хитойдан Европа бозорларига қараб йўл олган карвонлар Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро ва Хивада қўним топган. Улар бу ердан нафақат фил суяги ва тилла буюмларни олиб ўтишган, балки динлар ва фалсафаларни ҳам. Туркий ҳукмдорлар Самарқандни эгаллаб олишганида у ерга ислом санъати ва маданиятини ҳам олиб киришган. Бугун эса сиз Буюк Ипак йўлининг бу уч асосий манзилида нақшинкор масжидлар, сервиқор миноралар, муҳташам мадрасалар ва жозибали мозаикаларни кўришингиз мумкин. Бу сизларни кейинги манзил сари чорлайди...
Ўзбекистон - сураткашларнинг орзуси
Қай бурчакка йўл олмай, ҳайратимни яшира олмасдим. Такрор ва такрор. Ўзбекистон тарихий ёдгорликларида мени ҳайратга солган жиҳатлар сон-саноқсиз эди. Атрофимдаги ранглар жилоси, нақшлар ўйини, меъморчилик намуналари ва мозаикалар мени лол қолдирди. Бу нафақат камерамнинг батареяси "ўтириши"га сабабчи бўлган масжид ва мадрасалар эди, у ердаги ҳатто ресторан ва меҳмонхона каби оддий жойлар ҳам анъанавий нақшлар ва қўлёзма намуналари билан безатилган.
Сиз дунёдаги энг меҳрибон халқ вакилларини учратасиз
Дарҳақиқат, ўзбек халқи жуда меҳмондўст. Биз саёҳатимиз давомида бир турист аёлни учратдик - бир кун аввал учратган кишиси аёлни сайёҳлар камроқ борадиган жойларга бепул саёҳат билан сийлаган, у шунингдек бошқа маҳаллий аҳоли вакили томонидан керакли манзилига бепул етказилган.
Бутун саёҳатимиз давомида кўп кишилар олдимизга келиб, биздан қаердан келганимиз, Ўзбекистоннинг қаерларида бўлганимиз ва кўрганларимиз бизга ёқдими йўқми - қизиқишди (асосан инглиз тилида). Маҳаллий аҳоли вакиллари биз билан яқиндан танишишга қизиқишарди, кўпчилик "Юртимизга хуш келибсиз!" дея самимий қарши оларди.
Бундан ташқари, икки нотаниш ўзбек билан учрашув алоҳида хотирамда муҳрланиб қолди, улар менга ҳеч қандай сабабсиз гул совға қилишди. Бири яқин орадаги боғдан узиб олиб келди, иккинчиси эса салфеткадан ясаб тутқазди. Бу ким учундир оддий ҳолатдир, балки, бироқ мен учун бундай хатти-ҳаракатлар шу мамлакат одамларининг бағрикенглигидан далолат беради.
Тил билан боғлиқ муаммолар сиз ўйлагандек қийин эмас
Сизни ажаблантириши мумкин бўлган ҳолат: аслида Ўзбекистон сайёҳларга тўла. У ерда асосан ўзбек ва рус тилларида сўзлашилса-да, аксарият туристик масканларда инглиз тили тушунилади. Бу асосан сизнинг қаерда жойлашганингиз ва ким билан эканингизга боғлиқ.
Самарқанддаги машҳур Регистон майдонидаги қўриқчилар сизга мажмуанинг иш соатлари ва чипталар нархи ҳақида маълумот бериши мумкин, бироқ қолганига Google Translate'дан фойдаланган маъқул. Кези келганда, қўл билан имо-ишора орқали тушунтиришга ҳам тўғри келади.
Бухоро ва Хива каби шаҳарларда эса туризм асосан шаҳар марказларида ривожланган. Сотувчилар эса хорижликлар билан мулоқот қилишга шу қадар ўрганиб кетишганки, уларнинг баъзилари ҳатто француз ва итальян тилларида ҳам савдо қила олади. Умуман олганда, Ўзбекистонда тил билан боғлиқ муаммолар саёҳатингиз йўлида реал тўсиқ бўла олмайди.
Ўзингизни Ғарб шаҳарларидан кўра кўпроқ хавфсиз ҳис қиласиз
Баъзиларнинг фикрига қарши ўлароқ, Ўзбекистон - мутлақо хавфсиз мамлакат. Самарқанд, Бухоро ва Хива асосан кичик шаҳарлар ва у ерлардаги муҳит тинч ва хотиржам. Мамлакатдаги жиноятчилик даражаси паст ва шахсан мен бирор марта хавфни ҳис қилганим йўқ, ҳатто тунги сайр вақтида ҳам! У ерда ҳамёнимни ўғирлатишдан мутлақо хавотир олмадим, кўплаб Ғарб мамлакатлари ҳақида эса бундай дея олмайман...
Ўз юртингизга қайтганингиздан сўнг ўзбек ошхонаси излайсиз
Ўзбек таомлари умрим давомида татиб кўрган энг мазали таомларимдандир, у турли зираворларга бой. Энг мазали таомлари:
Палов - гуруч, қўй гўшти, сабзи ва қуритилган мевалардан иборат ўзбек миллий таоми;
Манти - гўшт ёки қовоқ билан тўлдирилган "чучваралар";
Сомса - маҳаллий зираворлар қўшилган "самоса"нинг ўзбекча версияси;
Ўзбек нони - хоҳлайсизми, йўқми, у ресторанларда ҳар қандай таом билан бирга узатилади. Уни иссиқ ҳолда еган яхши, у "тандир" номли ўзбек печида тайёрланади;
Шўрва - қўй гўшти, картошка ва сабзидан тайёрланган анъанавий суюқ таом;
Кабоб - минтақадан келиб чиққан ҳолда турлича тайёрланувчи мазали гўшт бўлаклари;
Шивит оши - қовурилган гўшт, булғор қалампири ва помидордан тайёрланган Хива таоми. Мазза қилиб ейсиз: у яшил спагеттига ўхшайди!
Изоҳ: англаганингиздек, агар вегетариан бўлсангиз, Ўзбекистонда сизга бироз қийин бўлади. Бу мамлакат гўштга бой, аксарият таомларига гўшт қўшилади. Шундай бўлса-да, вегетариан таомларини таклиф қилувчи ресторанларни ҳам топиш мумкин. Шунингдек, уларнинг аксариятида салатларнинг кенг ассортиментини кўришингиз мумкин.
Ўзбекистон бўйлаб мустақил ҳаракатланишингиз мумкин
Ўзбекистонни айланиб чиқиш учун сайёҳлик гуруҳи ва автомобилга ҳожат ҳам йўқ. Бу мамлакатни мустақил айланиб, анча пулни тежаш мумкин.
Самарқанд, Бухоро ва Тошкентни тезюрар поездлар бирлаштиради. Биз саёҳат қилган "Афросиёб" поезди жуда озода ва қулай экан. Қадимий Хива шаҳри бироз узоқроқда, унга етишнинг икки йўли бор:
1. Тошкентдан Урганчга парвоз қилиш мумкин, у ердан эса Хивага 30 дақиқада етиб олиш мумкин. Парвоз вақти 1,5 соатни ташкил қилади ва бир томонлама парвоз нархи - 50 доллар атрофида.
2. Бухородан таксида бориш мумкин, бу 7 соат вақт олади. Фақат ўзингиз бораётган бўлсангиз, сафар нархи 50 долларча бўлади. Агар ҳамроҳ олишга рози бўлсангиз, атиги 20 доллар. Жойлашган меҳмонхонангиз орқали таксига буюртма бериш осон.
Аксарият каби биз ҳам иккинчи усулни танладик, зеро у бизга кўпроқ тўғри келарди. Етти соат узоқ туюлиши мумкин, бироқ сиз кутганчалик эмас, истасангиз, йўлда бир неча марта тўхташ мумкин.
Ўзбекистонга саёҳат қимматга тушмайди
Ўзбекистон жуда ҳамёнбоп. Сиз суткасига 20 доллардан 30 долларгача нархда сифатли хизмат кўрсатилувчи меҳмонхоналарни топишингиз мумкин, 2 хил салат билан бирга тортилувчи кундалик таомлар ва ичимликлар эса - атиги 6 доллар атрофида. Транспорт хизматлари ҳам арзон, шаҳардаги таксиларнинг аксариятида 10-15 дақиқа учун 1,25 доллар етарли бўлди. Самарқанд, Бухоро ва Тошкентни бирлаштирувчи тезюрар поездлар эса - 7 доллар атрофида (станциядан харид қилинганда).
Фақат парвоз нархи бироз қимматроқ. Европадан рейслар икки томонга ҳам одатда Москва ёки Истанбул орқали ўтади, уларнинг нархи 600 долларгача бўлиши мумкин.
"Минг бир кеча"нинг сирли сарҳадлари
Мен 50 дан ортиқ мамлакатга саёҳат қилган бўлсам-да, ҳеч қачон бу қадар сюрреал ҳолатга тушмаганман, буни ҳатто сўз билан таърифлаш қийин. Мадрасаларнинг ёрқин фонида концерт томоша қилишдан тортиб то зулматда 400 йиллик минораларга кўтарилишгача; эрамиздан аввалги 400 йиллик кўчаларда ҳаракатланишдан тортиб то юлдузли саройларгача - мен ҳақиқатан ҳам 10 кун Ўзбекистонда бўлдимми ёки "Минг бир кеча"нинг сирли сарҳадларига тушиб қолдимми?!
Мен бу мамлакат каби яширин жавоҳирни билмайман. Ўзбекистоннинг Петра ёки Мачу-Пикчудек машҳур эмаслиги эса мени ҳайрон қолдиради. Ўзбекистонга қалбингиз ва ақлингизни очсангиз, ақл бовар қилмас саргузаштларни бошдан кечирасиз ва чин маънода унутилмас хотираларга эга бўласиз.
Ўтган тунда Самарқанддаги Регистон майдонида маҳобат билан порлаб турган мадрасалар кўз олдимдан кетмайди. Кўзларим ёшлана бошлади. Қаршимдаги манзара олдида лол эдим. Бундай бетакрор ва ёрқин мажмуани қуриш учун қанча меҳнат сарфлангани тасаввурга ҳам сиғмайди.
Ўзбекистон мени шундай ҳолатга туширди. Бу тушмиди ёки рўё - ҳануз англаб ета олмаяпман".
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
19:32 / 07.11.2024