Спорт | 16:52 / 14.08.2018
15604
2 дақиқада ўқилади

Равшан Ҳайдаров: «Бангладешликлар иккинчи бўлимда чарчаб қолишди»

Ўзбекистон - Бангладеш (3:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида биринчи бўлиб ғолиб жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этди. ЎФАнинг маълум қилишича, унга ярим ҳимоячи Икром Алибоев ҳамроҳлик қилган.

«Аввало мухлисларимизни мусобақа стартидаги йирик ғалаба билан табриклайман. Ўйин тўлиқ назоратимиз остида ўтди. Тўп билан кўпроқ муомалада бўлдик. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди. Биринчи ўйиндаги ғалаба ниҳоятда муҳим эди. Буни уддалай олганимиздан хурсандман.

Бангладеш терма жамоаси айниқса биринчи бўлимда жуда илиқ таассурот қолдирди. Бир неча хавфли қарши ҳужумлар ташкил этишди. Аммо тан олиш лозим, бангладешликлар иккинчи бўлимда бироз чарчаб қолишди. Биз ўйинга режалаштирган стратегияни тўлиқ бажардик, деб айта оламан», - деди Ҳайдаров.

«Қатар ва Таиланд термаларига қарши навбатдаги ўйинларга ҳам режа асосида тайёргарлик кўрамиз. Мусобақа тақвими анча зич тузилган. Биз ҳам шундан келиб чиқиб тайёргарлик режасини ишлаб чиққанмиз. Навбатдаги баҳсларда ҳам ғалаба қозониб, мухлисларимизни ҳурсанд қилиш ниятидамиз», - дея таъкидлади бош мураббий.

Ўйиндаги 3-гол муаллифи Икром Алибоев ҳам мухлисларни ушбу ғалаба билан табриклади.

«Ҳар доим биринчи ўйин қийин бўлади. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Буни бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди. Ўйин аввалида бироз қийналдик, аммо кейинчалик назорат тўлиқ биз томонга ўтди. Ўзбекистонлик футбол мухлисларини ушбу ғалаба билан табриклаб қоламан», - деди «Локомотив» ярим ҳимоячиси.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид