Жаҳон | 19:43 / 15.08.2018
12324
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат департаменти Тожикистонни сайёҳлар учун хавфли деб атади

Фото: Redspokes Adventure Tours

Тожикистон АҚШнинг сайёҳлар учун хавфсиз мамлакатлар рейтингида (Travel advisory level) бир поғона пастга тушди, деб хабар берилмоқда давлат департаменти сайтида.

Тожикистон эндиликда ушбу рейтингда «юқори даражадаги эҳтиёткорлик» белгиси остидаги иккинчи гуруҳга киритилди.

Давлат департаменти АҚШ фуқароларига  Тожикистонда бўлганларида маҳаллий ОАВни кузатиб туришни, ўз йўналишларини аниқ белгилаб олишни, одамлар гавжум жойлар ва жамоат транспортидан узоқроқ юришни маслаҳат бермоқда.

«2018 йилнинг 29 июлида Данғарадаги теракт оқибатида  АҚШнинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Гарчи Тожикистон ҳукумати объектлари асосий нишон бўлса-да, террорчилар бошқа жойларда, масалан, яшаш масканлари, клуб ва ресторанлар, меҳмонхоналар, очиқ ҳаводаги кўнгилочар тадбирларда хуружларни амалга ошириши мумкин», - дейилади хабарда.

Тravel advisory level рейтингида мамлакатлар тўртта хавфсизлик даражасига ажратилган бўлиб, Тожикистон илгари бу рўйхатда биринчи гуруҳда эди.

Эслатиб ўтамиз, 29 июл куни Хатлон вилоятининг Данғара туманида автомобиль бостириб бориши натижасида мамлакатда велосипедда сайр қилиб юрган тўрт нафар хорижлик: икки нафар АҚШ ҳамда Нидерландия ва Швейцария фуқаролари ҳалок бўлганди.

Тожикистон бош прокуратураси баёнотига кўра, хорижлик сайёҳларга ҳужумни аввалдан ишлаб чиқилган режа асосида «Ислом давлати» ниқоби остида «Тожикистон ислом уйғониш партияси» экстремистик-террорчи ташкилоти аъзолари амалга оширишган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид