Жаҳон | 13:26 / 15.08.2018
28673
7 дақиқада ўқилади

Чўкаётган Жакарта: Индонезия пойтахтини чўкиб кетишдан сақлашнинг имкони борми

13 август куни Би-Би-Си тадқиқотчилар хулосасига таяниб, 2050 йилга келиб Индонезия пойтахтининг 95%и сувга ғарқ бўлишини хабар қилди. Жакарта йилига 1-15 сантиметрга сувга чўкмоқда ва агар бунга қарши чора кўрилмаса, шаҳарни сақлаб қолиш учун кеч бўлади.

Фото: The Guardian

Мутахассисларнинг айтишларича, пойтахтни қутқаришнинг ягона йўли бир неча миллиард долларлик улкан девор қуриш ва ҳудуд еридаги сувни тортиб олишдир. Аммо бу лойиҳа мамлакат учун ўта қимматга тушади.

Чўқиш миқёси

Жакартага 1527 йилда голланд мустамлакачилари асос солишган ва шаҳар ўшандан буён мамлакатнинг Яқин Шарқ, Европа ҳамда Осиё маданиятларини ўзида мужассам этган, озиқ-овқат, кимё, электроника ва металлни қайта ишлаш саноатлари соҳасидаги йирик шаҳрига айланди. 

Мамлакатнинг 260 миллион аҳолисидан қарийб ўн миллиони Жакартада истиқомат қилади.  

Фото: REUTERS

Мамлакат ва пойтахтнинг иқтисодий ҳолати барчани хурсанд қилаётган бўлса-да, экологик томондан вазият ёмонлашиб бормоқда – Жакарта сув остига ғарқ бўлмоқда. Ява денгизи яқинида бунёд этилган шаҳар ичидан ўндан ортиқ дарё оқиб ўтади. 
«2050 йилга келиб Шимолий Жакартанинг 95%и сувга чўкиб кетиши мумкин», — деди Би-Би-Си билан суҳбатда 20 йил вақтини Индонезия пойтахти тупроғини ўрганишга бағишлаган Хери Андреас. 

Кейинги ўн йил ичида шаҳарнинг шимолий қисми сув остига 2,5 метрга чўкди ва айрим жойларда йилига 25 сантиметрдан чўкишда давом этмоқда. Сув пойтахтни йилига 1-15 сантиметрдан «ишғол этмоқда». Бир пайтлар шаҳарнинг шимолий қисмидаги иншоотнинг пастки қаватида балиқчилик компанияси жойлашганди, ҳозирда эса сув босгани учун компания ёпилди.  

Фото: BBC

Денгиз яқинида жойлаган вилла эгаси Фортуна Софьянинг айтишича, шаҳар чўкиши оқибатида ҳар олти ойда уй деворларида янги ёриқлар пайдо бўлмоқда.  

Жакарта ғарби йилига 15 сантиметрдан чўкмоқда. Шаҳарнинг шарқий, марказий ва жанубий қисмлари эса мос равишда ўн, икки ва бир сантиметрга сувга ғарқ бўлмоқда.

Шаҳар чўкишига нима сабаб бўлмоқда

Шаҳар чўкишининг сабабларидан бири кундалик истеъмол, ювиниш ва идиш ювиш эҳтиёжлари учун ер остидан сув тортиб олинишидир. Шаҳарнинг аксарият қисмида сув етказиб бериш тизими йўқлиги боис одамлар ерости сувларини тортиб олишга мажбур. Ерости сувлари тортиб олиниши натижасида унинг устидаги тупроқ қатлами чўкади. Умумий ҳисобда пойтахтнинг 60%га яқин аҳолиси мунтазам равишда ерости сувларидан фойдаланади.

Фото: BBC

Би-Би-Сининг ёзишича, ҳукуматнинг бунга нисбатан бефарқлиги вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Сув тортиб олиш билан оддий фуқаролардан тортиб йирик савдо марказларигача истаган киши шуғулланиши мумкин. Бунинг учун керакли ускунаси бўлса кифоя. «Ҳукуматдан ёрдам кутгандан кўра ерости сувларидан фойдаланган яхши. Сувга бўлган эҳтиёжимиз юқори», — дейди йирик умумий ётоқхона эгаси Хендри. 

Ҳукумат май ойида Жакартанинг марказий туманида текширув ўтказди. Маълум бўлишича, ушбу ҳудуддаги 80та бинодан 56таси сувни ер остидан тортиб олади, бунда 33та бино эгаси сув тортиш билан қоидаларни четлаб ўтган ҳолда шуғулланади.  
Жакарта губернатори Анис Басведаннинг айтишича, сув тортиш билан шуғулланадиганларда қанча миқдорда ерости суви тортиб олинганини аниқлаш имконини берувчи лицензия бўлиши лозим. Бундай лицензияси бўлмаганлардан бинонинг сифат сертификати олиб қўйилади. Аммо бу ғоя қанчалик самарали бўлади, ҳозирча номаълум.

Шаҳарни қутқариш баҳоси

«Биз 1981 йилдан бери шу ерда яшаймиз, аммо бу ерда яна қанча вақт қолишимизни билмайман. Сув йилдан-йилга кўтариляпти», — дейди Жакарта шимолида яшовчи 60 ёшли Сукизих. Унинг уйи жойлашган ҳудуд 1970 йилдан буён тўрт метрга пасайган.  
1960-йилларда Токио шаҳри ҳам ана шундай муаммога дуч келган. Уни бартараф этиш учун ҳукумат чуқурлик дренажидан фойдаланган – ерости сувларини пасайтириш ва сувни қуритилаётган ердан қочриш учун каналлар қазилган. Шундан сўнг ер чўкиши тўхтаган.

Аммо бу усулни қўллаш учун Жакартага чучук сув манбаи керак бўлади. Узоқ йиллар Индонезия пойтахтида бўлган голланд гидрологи Ян Яап Бринкман 2016 йилда шимолий Жакартани қутқариш учун икки йил вақт колганини ёзганди. Бунинг устига, 2007 йилги сув тошқинига қадар мутахассислар Жакартанинг чўкишини батафсил ўрганишмаган. Ўшандан буён ўн йилдан ортиқ вақт ўтди, аммо муаммони ҳал қилиш йўли топилмади.

The Guardian нашри 2016 йилда шаҳарни қутқариш йўлларидан бири «Жакартанинг улкан денгиз девори» лойиҳаси эканлигини ёзганди. Бунинг учун шаҳар четида улкан девор, сув омборлари қурилади ва ерости сувлари қочирилади. Индонезия ҳукумати голландиялик мутахассислар билан 2014 йилда ушбу лойиҳа устида иш бошлаган ва 2025 йилда ишларни тугатишни режалаштиришган. «Улкан девор» учун жами 40 миллиард долларга яқин пул сарфланади. 

Индонезиялик олимлар, экологлар ва маҳаллий аҳоли бу лойиҳа нафақат атроф-муҳитга зарар етказишини, балки ижтимоий ҳалокат келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда. Лойиҳа бошланганидан кейин кўплаб балиқчилик қишлоқлари бузиб ташланди, аҳоли эса шаҳарнинг бошқа қисмига кўчирилди.

Аҳолининг фикрича, лойиҳа якунига етганидан сўнг янги ҳудудда қимматбаҳо апартаментлар қурилади, бироқ уларни фақатгина бойлар ва чет элликларгина сотиб олишлари мумкин бўлади. Қурилиш сабабли уйларидан ажралган балиқчилар оилаларининг эса бундай ҳашаматли уйларда яшашга қурблари етмайди. Reuters агентлигининг маълумотига кўра, лойиҳа Жакартадаги камида 25 минг балиқчининг ҳаётига салбий таъсир қилган.

Мутахассисларнинг танқидларига қарамасдан, қурилиш давом этмоқда. Чўкаётган шаҳарни қутқариш учун ҳукумат ихтиёрида «девор» қуришдан бошқа илож йўқ. Токио университети ва Токио технология университети тадқиқотчиларининг 2017 йил бошида берган хулосаларига кўра, агарда ушбу қурилиш бирор сабаб билан тўхтаб қолгудек бўлса, Жакарта маркази охир-оқибат сув остига ғарқ бўлади.

Мавзуга оид