Ўзбекистон | 16:56 / 16.08.2018
12329
2 дақиқада ўқилади

Olmazor Business city’ни барпо этиш ишлари бошланди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Олмазор туманида замонавий, юксак меъморий қиёфага эга бўлган Olmazor Business city’ни барпо этиш ишлари бошланди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни мамлакат ҳудудларида Business city форматидаги ишбилармонлик марказларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Қарор шаҳар ва туман марказларининг архитектуравий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қуриш, шунингдек аҳоли ва мамлакат меҳмонлари учун тақдим этилаётган хизматлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда сифатини оширишга қаратилган.

Қурилишлар буюртмачи, мувофиқлаштирувчи ва назоратчиси вазифасини Тошкент ҳокимиятлари ҳузуридаги ҳар бир «Сити» учун ташкил этилувчи дирекциялар томонидан амалга оширилади.

Бугун республикада биринчи бўлиб Олмазор туманида 23,5 гектарга эга бўлган “Olmazor Business city” замонавий ишбилармонлик маркази Дирекцияси ташкил этилди. Ушбу марказ чуқур ва ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган Концепцияга асосан ташкил этилди. Хусусан, кўп қаватдан иборат бўлган замонавий турар жойлар ва апартаментлар, замонавий савдо ва ижтимоий мажмуалар ҳамда сайилгоҳлар қуриш кўзда тутилган.

“Olmazor Business city” ҳудудида инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида солиқ ва божхона имтиёзлари, чет эл инвесторлар ва мутахассислар учун виза ва ишга жалб қилиш тартиблари соддалаштирилган.

Мавзуга оид