Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилиши белгилаб қўйилган.
“Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан Давлат солиқ хизмати органларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали хизмат қилган, давлат бюджети даромадларини оширишга ўз ҳиссасини қўшган, хизмат вазифаларини бажаришда юксак натижаларга эришган ходимлар тақдирланадилар.
I даражали кўкрак нишони билан камида 15 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
II даражали кўкрак нишони билан камида 10 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
III даражали кўкрак нишони билан камида 5 йиллик меҳнат стажига эга шахслар тақдирланадилар.
I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин.
Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.
Муносиб номзодлар Давлат солиқ қўмитаси комиссиясининг хулосасига асосан тўғридан-тўғри I ёки II даражали кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин.
Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги таълим муассасалари ҳамда давлат унитар корхоналарининг ходимларини тақдирлаш юзасидан таклифлари ҳар йили 1 июнгача Давлат солиқ қўмитасининг комиссиясига тақдим этилади.
Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи билан кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича доимий комиссия ташкил этилади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор Давлат солиқ қўмитасининг ахборот воситаларида эълон қилинади.
I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар лавозим маошининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар уч баравари миқдорида, III даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар икки баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган ёки вафот этган ходимлар ҳам вафотидан сўнг кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин. Бунда кўкрак нишони ва пул мукофоти унинг оиласига топширилади.
Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти “Солиқчилар куни” байрами арафасида Давлат солиқ қўмитаси раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.
Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган ходим тегишли тартибда қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:
Давлат солиқ қўмитаси ёки ҳудудий давлат солиқ бошқармаси томонидан бериладиган навбатдаги даражали унвонни муддатидан олдин олиш;
Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмаларни олишда кўкрак нишони қуйи даражасидан юқори даражасига мувофиқ йўлланма қийматига нисбатан тегишлича 20 фоиз, 30 фоиз ва 40 фоиз миқдорида имтиёз олиш.
Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмалар бўйича харажатлар Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Мавзуга оид
22:53 / 21.02.2026
"Янги Ўзбекистон бунёдкорлари" кўкрак нишони таъсис этилди
19:55 / 25.09.2023
«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони таъсис этилди
20:25 / 04.09.2023
«Ибратли оила» кўкрак нишонини бериш тартиби белгиланди
11:08 / 18.03.2023