Ўзбекистон | 20:27 / 17.08.2018
4970
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Томди туманида ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий вилоятининг Томди туманида табиий фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Навоий вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 100 нафар ўқувчига мўлжалланган табиий фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда биология ва кимё фанларини чуқурлаштириб ўқитишни ташкил этиш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори касб маҳоратига эта бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш биологлар, ёш зоологлар, ёш кимёгарлар жамоаларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг фан сирларини чуқур ўрганишлари ҳамда ижодий салоҳиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш.

Халқ таълими вазирлиги:

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатнинг 7-8-9-10-11-синфларига ўқувчиларни қабул қилиш, бунда биринчи навбатда, Томди туманининг олис ҳудудларидан ўқувчиларни қабул қилишга эътибор қаратиш;

мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради. 

Навоий вилояти, Томди тумани, “Янги-Томди” марказида жойлашган Томди агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Томди тумани халқ таълими бўлимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади ва унга мактаб-интернат жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид