Спорт | 07:37 / 18.08.2018
27529
2 дақиқада ўқилади

Нурмагомедов-Макгрегор жангига чипталар 3 дақиқадаёқ сотиб бўлинди

Фото: masters-bet.com

Россиялик Хабиб Нурмагомедов ва ирландиялик Конор Макгрегор ўртасида ўтадиган жангга чипталар савдога чиқарилгандан 3 дақиқа ичида сотиб бўлинди. Бу ҳақда KLAS-TV телеканали маълум қилган.

Ушбу жангни бевосита кўриш истагида бўлганлар чипталар учун минг доллардан бошлаб пул тўлашларига тўғри келган. Ваҳоланки, жанг ташкилотчилари чипталарни 300 доллардан бошлаб чиқаришга ваъда беришганди.

Жанг 6 октябрда UFC 229 мусобақаси доирасида Лас-Вегасда бўлиб ўтади. Ҳозирда Нурмагомедов жангчилик фаолиятида бирорта мағлубиятга учрамай келмоқда. Унинг ҳисобида 26 та жангда 26 та ғалаба бор. У енгил вазнда UFC чемпиони унвонига эга. Макгрегор эса ўрта енгил ва енгил вазн тоифаларида UFC’нинг собиқ чемпиони бўлиб, 24 та жангдан 21 тасида ғалаба қозонган, 3 тасида мағлубиятга учраган.

Бунгача рақиблар ўзаро бирор марта учрашишмаган. Нурмагомедов бўлиб ўтажак жанг ҳақида фикр билдириб, рақибини камтарликка ўргатиб қўйишини, ушбу жанг у учун нафақат спорт, балки шахсий масала эканлигини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид