Жаҳон | 00:41 / 23.11.2024
11914
2 дақиқада ўқилади

Конор Макгрегор жинсий тажовуз қилганликда айбдор деб топилди. У энди 250 минг евро жарима тўлайди

Дастлабки тергов билан шуғулланган Ирландия прокуратураси Макгрегорга айблов эълон қилмасликка қарор қилган, чунки унга нисбатан жиноят иши очиш учун етарлича далиллар топилмаган. 

Фото: AP Photo

Ирландияда суд ҳайъати собиқ ММА жангчиси Конор Макгрегорни 2018 йилда аёл кишини жинсий зўрлаганлик ишида айбдор деб топди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Суд қарорига кўра, Макгрегор жабрланувчига 250 минг евро тўлаши керак бўлади. Мазкур иш жиноий тартибда эмас, балки фуқаролик суди доирасида кўриб чиқилган — бу Макгрегорга қамоқ жазоси таҳдид солмаганини билдиради.

Дастлабки тергов билан шуғулланган Ирландия прокуратураси Макгрегорга айблов эълон қилмасликка қарор қилган, чунки унга нисбатан жиноят иши очиш учун етарлича далиллар топилмаган. Англо-саксон ҳуқуқ тизимига эга бўлган бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ирландияда фуқаролик процессида ҳам қарор чиқариш учун талаб этиладиган далиллар стандарти пастроқ.

Қайд этилишича, мазкур воқеа 2018 йил декабрда содир бўлган. Аёлнинг версиясига кўра, Макгрегор Дублиндаги Beacon меҳмонхонасида уни зўрлаган ва калтаклаган. Экспертизада аёлда кўкариш ва шилиниш изларини аниқлаган.

Макгрегор ўзининг айбсиз эканини таъкидлаган. Собиқ ММА жангчисининг айтишича, аёл билан ўртасидаги муносабатлар унинг розилиги билан содир бўлган.

Мавзуга оид