21:50 / 26.08.2018
7441

Кристиан Эриксен учун 111 миллион евро таклиф этилди

Фото: Giuseppe Maffia/ZUMAPRESS.com

«Тоттенҳэм» ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен «Пари Сен-Жермен» эътиборида бўлиб турибди. Sunday Express нашри хабар беришича, французлар клуби раҳбарияти ушбу даниялик ҳавбек учун 111 миллион евро тўлашга тайёр.

Францияда трансферлар даричаси 31 август куни ёпилади, парижликлар клуби эса қолган вақт ичида майдон марказини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

«ПСЖ»нинг асосий мақсади «Барселона» ҳавбеки Иван Ракитич эди, аммо хорватиялик футболчи Каталонияда қолишни маъқул кўрди.

Эриксен «Тоттенҳэм» сафида 2013 йилдан буён тўп суриб келмоқда. У Лондонга Амстердамнинг «Аякс» клуби сафидан келиб қўшилган. У Лондон клуби сафида ўтган вақт ичида барча турнирлар доирасида 227 ўйинда майдонга тушган ва 56 гол урган. У айни вақтда «шпорлар» жамоаси етакчисига айланган.

Эриксен Дания терма жамоасида 2010 йилда дебют қилган. У миллий терма жамоада жами 82 ўйин ўтказиб, 23 голга муаллифлик қилган. ЖЧ-2018 турнири гуруҳ босқичида Эриксен Перу (1:0), Австралия (1:1) ва Франция (0:0) терма жамоаларига қарши ўйинларда, шунингдек, нимчорак финалда Хорватияга қарши ўйинда (1:1, пенальтилар бўйича 2:3) майдонга тушди. У Австралияга қарши ўйиндаги голга муаллифлик қилди.

Эриксен «ПСЖ»нинг ёзги трансферлар доирасидаги учинчи янги футболчисига айланиши мумкин. Бунгача Париж клуби «Ювентус»нинг кўп йиллик дарвозабони Жанлуижи Буффон ҳамда «Шальке» ҳимоячиси Тило Керер билан ўз сафини тўлдирганди. 40 ёшга чиққан дарвозабон «ПСЖ»га эркин агент мақомида келиб қўшилди. 21 ёшли германиялик футболчи учун эса 37 миллион евро тўланди.

Top