Осиё ўйинлари. Ҳасанбой Дўсматов илк жангда ғалаба қозонди
Бугун, 27 август куни Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзоси, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам бугун баҳсларга қўшилди. У -49 кг вазн тоифасида нимчорак финал босқичида лаослик Камсатон Кампуванга қарши рингга кўтарилди ва 5:0 (29:28, 30:25, 30:25, 29:28, 30:28) ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.
Кун давомида Ўзбекистон бокс жамоасининг яна 3 вакили нимчорак финал босқичи жангларини ўтказишади.
-64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоровнинг дастлабки рақиби иорданиялик Алкасби Обада бўлади. - 56 кг вазн тоифасида Миразиз Мирзаҳалилов иорданиялик Алвади Муҳаммад билан куч синашади.
Тошкент вақти билан соат 19:45да -75 кг вазн тоифасидаги Исроил Мадримов мўғулистонлик Давасурен Даванямга қарши рингга кўтарилади.