Спорт | 22:30 / 29.08.2018
36573
5 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида ўн биринчи кун. Ўзбекистон умумий рейтингда яна юқорилади

29 август куни Индонезияда Осиё ўйинлари мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар яккалик ва жамоа ҳолда 7 спорт тури бўйича баҳсларда қатнашишди.

Турнирнинг ўн биринчи куни ҳам Ўзбекистон делегацияси учун сермаҳсул кечди ва ўзбекистонлик спортчилар жами 7та медал ютиб олишди.

Дзюдо
Ўзбекистон дзюдо жамоаси жамоаси етакчиси, -60 кг вазн тоифасида иштирок этган Диёрбек Ўрозбоев финалда дзюдо ватани бўлмиш Япония вакили Тору Шишимени мағлубиятга учратиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Фото: Анвар Илёсов

Шу куни дзюдо бўйича баҳсларда иштирок этган яна уч спортчи медаллардан қуруқ қолди. Диёра Келдиёрова (-52 кг) бронза медали учун ўтиш жангида шимолий кореялик рақибдан мағлуб бўлди, Шаҳрам Аҳадов (-66 кг) ҳамда Гулноза Зияева (-52 кг) бронза медали учун баҳсларда ютқазишди.

Синхрон сузиш
Синхрон сузиш бўйича баҳсларда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар - А.Морозова, А.Елтишева, М.Тўлқинова, Д.Онкес, Д.Шомирзаева, Х.Тошхўжаева, А.Рўзметова, Х.Ҳакимова, Н.Шомақсудова ва Н.Тўлқинова техник машқлар якунларига кўра ўнта жамоа ичида бешинчи натижани қайд этишди. Совринли ўринлар Хитой, Япония ва Шимолий Кореяга насиб этди.

Кураш
Бугун ўзбекистонлик 4 нафар курашчи - Дилдор Шерметова (-63 кг), Мухлиса Абдумаликова (-63 кг), Сарвар Шомуродов (-81 кг) ва Мусо Собиров (-81) Осиё ўйинларидаги иштирокини ўтказишди. Улардан фақат Дилдор Шерметова финалга қадар етиб келди ва мўғулистонлик Баярбат Басанжаргални енгиб, Осиё ўйинлари олтин медалига сазовор бўлди.

Мусо Собиров чорак финалда иштирокини тўхтатди, Мухлиса Абдумаликова ва Сарвар Шомуродов ярим финалда ютқазиб, бронза медал билан кифояланишди.

Велоспорт, трек
4000 метр масофага пойгада қатнашган Андрей Измайлов 4;43.155 натижа билан 14 спортчи орасида 10-ўринни эгаллади ва финалга чиқа олмади.

Омниум баҳсларида қатнашган Рината Байметова скратч йўналишида энг яхши натижани қайд этди, аммо у темпо йўналишида ўнинчи натижани кўрсатди, Elimination йўналишида ҳам ўнинчи натижа ва якунда бешинчи ўрин.

Бокс

Осиё ўйинларида Ўзбекистон боксчилари йўқотишларсиз ярим финалга етиб келди. Бугунги жангларда Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Миразиз Мирзаҳалилов (-56 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг) ва Ўзбекистон делегацияси байроқдори, -74 кг вазн тоифаси вакили Исроил Мадримов ўз жангларида ғалаба қозонди. Бунгача Жасур Латипов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг) ва Бобоусмон Батуров (-69 кг) ҳам ярим финал йўлланмасини ҳал қилганди. Энди бу боксчилар 31 август куни ярим финал жангларида иштирок этишади.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш
Байдаркада эшкак эшиш бўйича тўртлик баҳсларида қатнашган спортчиларимиз маррага учинчи бўлиб етиб боришди ва тўғридан-тўғри финалда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди. Финал эртага ўтказилади.

Байдаркада 1000 метрга сузган Шоҳруҳбек Аъзамов ва Шаҳриёр Маҳкамов тандеми ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади ва тўғридан-тўғри финалда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Енгил атлетика
Кўпкурашда иштирок этган Осиё ўйинларининг амалдаги ғолиби Екатерина Воронина 29 август куни 800 м масофага югуриш ва найза улоқтириш машқларини бажарди. У 800 м масофага биринчи бўлиб келди, аммо найза улоқтиришда бешинчи кўрсаткични қайд этди. Натижада у умумий баҳоларга кўра бешинчи ўрин билан кифояланди.

Нигина Шарипова 200 метрга югуриш бўйича финал баҳсида маррага тўртинчи бўлиб етиб борди ва бронза медалдан қуруқ қолди.

Уч хатлаб сакраш машқларида 16,62 м натижа кўрсатган Руслан Қурбонов кумуш медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси спортчиси илк маротаба Осиё ўйинларида эркаклар ўртасида уч хатлаб сакраш бўйича кумуш медални қўлга киритиши бўлди.

Баландликка сакраш мусобақаларида икки карра Осиё ўйинлари ғолиби Светлана Радзивил 1,96 м баландликни забт этди ва Осиё ўйинлари рекордини янгилаган ҳолда учинчи марта Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

Кумуш медал эса бошқа бир ўзбекистонлик, 1,94 м натижада тўхтаган Надия Дусановага насиб этди.

Ушбу натижалардан кейин Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 45тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси 12та олтин, 17та кумуш, 16та бронза медал жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида 7-ўринга кўтарилиб олди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид