Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2018 йилнинг 26 август куни Қарши шаҳар, И.Каримов кўчасидаги “Ерқўрғон” бозори рўпарасида рейд тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир вақтида давлат рақам белгиси бўлмаган “Нексия” русумли автомашина пиёдаларга йўл бермай ҳаракатланиб келаётганлиги учун ЙПХ ходими сержант Ж.Авлаев томонидан тўхтатилади. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлганида автомашина ҳайдовчиси фуқаро Ф.Хамидов маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинани жарима майдонига олиб бормаслик учун бир оклад миқдорда 180-200 минг сўм миқдорида пора беришини таклиф қилаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора қўришни сўраган. Бу ҳақда Kun.uz’га Қашқадарё вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

2018 йилнинг 27 август куни соат 21:00 ларда капитан В.Хусановнинг билдиргиси асосида вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ИИБ ЎХБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ф.Хамидов ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли давлат рақамсиз автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 200.000 сўм пулларни вилоят ИИБ ЙҲБ АЙПХБ 1-отряд ЙПХ маъмурий биносида капитан В.Хусановга пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Рахмоновга нисбатан 27.08.2018 йилда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан 10401-2/2018-329-сонли жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бу сўнгги кунларда ички ишлар органлари ходимига пора таклиф билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Хусусан, аввалроқ Хоразм вилоятида пора олаётганида қўлга тушган шахс ИИВ ходимига ҳам пора беришга уринганди. Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги Тиббий бирлашма бўлими бошлиғи Қ.Х ўз ходимидан пора олиш ва ИИБ ходимига пора бериш жиноятларини содир қилгани учун қўлга олинган.

Шу йилнинг июлида Қ.Х ўз хизмат мавқесидан фойдаланган ҳолда, қўл остидаги ходими, ҳамшира Ш.Б.дан 50 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланган эди. Шундан сўнг, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 214-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши очилган. Бироқ, у ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Рўзимовга мурожаат қилиб, агар жиноят ишини ўзининг фойдасига ҳал қилиб берса, унга таклиф қилинган 50 АҚШ долларини 10 баробари миқдорида пул беришини билдиради. Шундан сўнг, пора беришга уринган порахўр шу куни таклиф қилган пулининг 400 АҚШ долларлик қисмини бўлинма бошлиғига бераётганида жиноят устида қўлга олинади.