Ҳиндистонда дунёдаги энг баланд ҳайкал қурилиши якунига етмоқда
Ҳиндистоннинг Гужарот штатида дунёдаги энг баланд бўладиган ҳайкал қурилиши якунланмоқда. Унинг баландлиги 182 метрни ташкил қилиб, Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкалидан 2 марта баландроқ бўлади. Нармада дарёсидаги оролда қурилаётган бу ҳайкал баландлиги постаменти билан 240 метрга етади.
Ушбу улкан ҳайкалда Сардор Пател – Ҳиндистон мустақиллиги курашчиси, мамлакат конституцияси ҳаммуаллифи сиймоси акс эттирилган.
Дастлаб Валлабҳай Пател бўлган, кейинчалик Сардор номини ҳамда “Ҳиндистоннинг темир одами” ва “ҳинд Бисмарки” лақабларини олган бу инсон ҳинд миллий-озодлик ҳаракати қатнашчилари учун ҳақиқий қаҳрамон ҳисобланади. Ҳиндистон 1947 йилда Британия Империясидан мустақил бўлган. Махатма Гандининг содиқ издоши бўлган Пател ички ишлар вазири ўринбосари лавозимини олган. У мамлакат кўплаб майда давлатларга бўлиниб кетмаслиги ва яхлит бўлиб қолиши учун кўп саъй-ҳаракатлар амалга оширган. Ўша вақтда князликлар Ҳинд иттифоқи ҳудудининг 48 фоизини эгаллаган. Ҳаммаси бўлиб уларнинг сони 500дан кўпроқ бўлган ва уларни бир бутун қилиб ушлаб қолиш мураккаб иш бўлган. Бироқ Пател Ҳиндистонни қилич ва қон билан эмас, балки тинч йўл билан бирдамликка олиб келган.
Пател 1950 йилда Бомбейда вафот этган. 2013 йил ноябрида унинг шарафига кўтарилаётган “Бирдамлик ҳайкали” пойдеворига биринчи тош қўйилган. Ҳайкал 2018 йил 31 октябрда тантанали тарзда очилади.
Маълум қилинишича, ушбу ҳайкал Ҳиндистон ҳукуматига 430 млн долларга тушган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу ҳайкал қурилиши бир неча маротаба танқид қилинган. Ҳайкал асосида музей ва кўргазмалар зали, 153 метр баландликда эса томоша майдончаси бўлади. Ҳайкалга 3,5 кмлик масофани қайиқда сузиб, етиб келиш мумкин.
Айни вақтда дунёдаги энг баланд ҳайкал Мьянмадаги Шакьямуна Буддаси ҳайкали ҳисобланади. Унинг баландлиги постаменти билан 129,24 метрни, усиз 115,82 метрни ташкил қилади.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024