Жаҳон | 22:10 / 05.09.2018
28141
5 дақиқада ўқилади

«Скрипаль иши»да россиялик жосуслар айбланмоқда. Британия полицияси улар қандай ҳаракатланганини айтиб берди

Буюк Британия полицияси Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипалга уюштирилган суиқасдда гумонланувчиларнинг номларини маълум қилди. Булар Россия фуқаролари Александр Петров ва Руслан Боширов: полиция тахминига кўра, бу исм-шарифлар тўқиб чиқарилган, лекин улар ҳақиқий паспортлар билан Буюк Британия ҳудудига киришган. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй гумонланувчилар Россия Разведка бошқармаси ходимлари эканини маълум қилди.

Скрипалларни қандай заҳарлашган: Британ полицияси талқини

Скотленд-Ярдда аксилтеррор бўлим раҳбари сифатида ишловчи Нил Басунинг айтишича, текширувлар давомида жиноятнинг умумий картинаси ҳосил қилинган.

Унга кўра, 2 март куни Петров ва Боширов «Аэрофлот» рейси орқали Лондондаги Гатвик аэропортига келишган. Шу куни улар Лондон шарқидаги Боу-роуд мавзесида жойлашган City Stay Hotel меҳмонхонасида тўхташган.

3 март куни гумонланувчилар меҳмонхонани тарк этиб, жамоат транспортида Ватерлоо темир йўл вокзалигача етиб олишган. Улар бу ерда соат 11:45да Солсберига борадиган поездга чиқишган. Улар Солсберида 1,5 соат вақт ўтказиб, Лондонга қайтиб келишган. Полиция тахминига кўра, бу сафар вақтида улар Солсберидаги ҳолатни ўрганишган.

4 март куни тонгида улар Солсберига, бу сафар суиқасдни амалга ошириш мақсадида йўл олишади. Бу сафар Ватерлоодан поезд соат 08:05да юрган. Солсберида Петров ва Боширов Сергей Скрипалнинг уйи яқинида кузатув камераларига тушиб қолган. Полиция маълумотига кўра улар «Новичок» моддасини Скрипаллар уйи эшиги тутқичида қолдиришган.

Петров ва Боширов Лондонга соат 16:45да қайтиб келишган, тахминан соат 18:30да улар Ҳитроу аэропортига боришган, бу ердан соат 22:30да «Аэрофлот» рейси орқали Москвага учишган. Скотленд-Ярд ҳисоботига кўра улар кейин Буюк Британияга қайтишмаган.

«Новичок» атири

Фото: Metropolitan police

Скрипаллар заҳарланган «Новичок» моддаси излари Петров ва Боширов тунаган City Stay Hotel меҳмонхонасида аниқланган. Полициянинг қайд этишича, топилган моддалар инсон ҳаётига хавф туғдирмас даражада оз бўлган. Қолаверса пробалар 4 май куни, Скрипалларнинг заҳарланишидан роппа-роса 2 ой ўтиб олинган.

Полициянинг аниқлашича, Скрипаллар заҳарланган «Новичок» моддаси Nina Ricci брендининг «Premier Jour» номли атири идишидаги суюқлик таркибида бўлган. Бу идиш 27 июнь куни Солсберидан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Эймсбери шаҳарчасида яшовчи Чарльз Роулининг буюмлари орасидан чиққан.

Роули бу атирни ўз маъшуқаси Дон Стержессга совға қилганди. Дон Стержесс эса атирни ишлатгач, заҳарланиб вафот этган. Роули эса шифохонага тушган, аммо у омон қолган. Бу идиш 4 март куни қаерда бўлгани, 27 июнь куни Роулининг қўлига қандай тушиб қолгани ҳозирча маълум эмас.

Экстрадиция бўйича сўров бўлмайди

Буюк Британия ҳукумати Россияга Петров ва Боширов экстрадициясини сўраб мурожаат қилмайди. Скотлен-Ярд вакилининг маълум қилишича, Россия қонунчилиги бунга имкон қолдирмаган. Аммо ушбу шахсларни ҳибсга олиш бўйича Европа Иттифоқи миқёсида ордер берилган.

Скотленд-Ярд вакили Нил Басунинг айтишича, полиция Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исм-шарифларини аниқлаши мумкин, лекин уларнинг шахсини тасдиқлаш учун гувоҳларнинг кўрсатмалари керак бўлади. Полиция гумонланувчиларнинг Лондон ва Солсберидаги сайрлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлган шахслардан маълумот тақдим этишни сўраган.

«Булар Россия разведкачилари»

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй маълум қилдики, Скрипалларга суиқасд қилишда гумонланаётган шахслар — «Россия ҳарбий разведкаси офицерларидир». Мэй хоним собиқ полковникка суиқасд ортида «Россия ҳукумати тургани»ни яна бир бор таъкидлаган.

Агар Петров ва Боширов Британияда бўлганида биз дарҳол уларга қотиллик бўйича айблов эълон қилган бўлардик. Россия экстрадиция бўйича сўровни рад этади ва буни ўз қонунлари билан далиллайди, шунинг учун Буюк Британия Петров ва Бошировни топширишни сўраб ўтирмайди, деган Тереза Мэй. 

Шу билан биргаликда бош вазир «агар улар Россиядан ташқарига чиқишса, шу заҳоти қўлга олиниши учун барча чоралар кўрилиши»га ваъда берган.

Мэй хоним Буюк Британия ҳукумати «Россия разведка хизмати ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун барча воситаларни ишга солиши»ни маълум қилган.

Россия томони муносабати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Скотленд-Ярднинг баёнотига муносабат ўлароқ, «ОАВда нашр қилинган суратлар ҳеч нарсага исбот бўла олмаслиги»ни айтди. Захарова яна бир бор британия махсус хизматлари Скрипаль иши доирасида ҳамкорликда амалий ҳаракатлар олиб бормаслигидан норозилик билдирган.

Мавзуга оид