Англия премьер-лигасида 4 тур ўтиб, ниҳоят ҳақиқий чемпион жамоа тузган Юрген Клопп ёки Англияда ажойиб дебют қилган Маурицио Сарри эмас, кўпроқ Хави Грасия муҳокама қилинаётгани ҳам тасодиф эмас. Ушбу мураббийнинг камтаргина «Уотфорд» жамоаси мавсумдаги беш расмий ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Худди шу мураббий яқинда Россиянинг «Рубин» клубида муваффақиятсизликка учраган ва истеъфога чиқарилганди.

«Рубин» менежерлари Хави Грасиянинг АПЛдаги парвозини энтикиш билан томоша қилаётган бўлишлари табиий. Ҳатто Россияда ҳам у тўрт ўйинда қаторасига ғалаба қозонмаганди, Англияда эса, агар Лига кубогидаги ғалабани ҳам қўшсак - 5та бўлади. «Уотфорд» ўз тарихида ҳали бирор марта мавсумни бу қадар кучли бошламаганди. Агар Грасиянинг февралда Англияга келганини эътиборга олсак, шу даврда «Уотфорд» ўз майдонида фақат «Ливерпуль»дан (22) камроқ очко жамғарди холос - 20. Масалан, «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм»да уй ўйинларида 18тадан очко, «Манчестер Сити»да 16 очко бор.

Албатта, мавсум энди бошланди, «Уотфорд»да топ-рақиблардан фақат «Тоттенҳэм» бор эди, лекин шунинг ўзи ҳам катта натижа. Жамоа ҳам, мураббий ҳам ўйиндан ўйинга ўзига нисбатан ишончни ошириб бормоқда.

«Ўйлайманки, ҳар ким янги вазифаларга мослашиши керак. Мен ўз фаолиятим давомида мен доим мослашиб борганман. Мен Испанияда, Грецияда, Россияда ва ҳозир Англияда ишламоқдаман. Кимки агар, ҳамма менга мослашиши керак деб ҳисобласа, адашаётган бўлади», - деди Грасия «Тоттенҳэм»га қарши ўйин олдидан Sky Sports нашрига интервью бераётиб.

Мавсум олдидан Хави Грасия букмекерлар котировкасида илк истеъфога чиқадиган мураббийлар ичида пешқадамлик қилаётганди. «Уотфорд»ни бошқарадиган Поццо оиласи Англияда энг кўп мураббий алмаштирадиган бошқарувчилар ҳисобланади. Сўнгги ўн йилдаги «Уотфорд»ни бошқараётган 13-мураббий бўлган Грасия ҳам «дор устида юраётгани» аниқ эди.

Аммо барқарорлик «Уотфорд»га ёрдам берди. Ўтган мавсум охирида қаторасига етти ўйинда ғалаба нималигини билмаган мураббийга мавсумни якунлаш ва кейинги мавсумга тайёргарлик ишларини ишониб топширишди. Жамоа ўзагини деярли сақлаб қолган мураббий августда ҳаммани ҳайрон қолдирди ва мана энди, Юрген Клопп ва Маурицио Сарри билан биргаликда ойнинг энг яхши мураббийи бўлишга даъвогар бўлиб турибди. Айнан мана шу уч мураббий дастлабки 4 турда юз фоизлик натижа кўрсатиб, турнир жадвалини бошқариб туришибди.