Спорт | 09:30 / 22.09.2019
15548
5 дақиқада ўқилади

«Сити» 18 дақиқада 5та гол уриб рекорд ўрнатди. Кейин яна 3та гол урди

Англия премьер-лигасининг 6-турида «Манчестер Сити» «Уотфорд»ни қабул қилиб, рақиб дарвозасига 8та жавобсиз гол йўллади.

Яқинда бош мураббийни алмаштирган меҳмонлар 50 сониядаёқ биринчи голни ўтказиб юборишди, Кевин де Брюйненинг узатмасини Давид Сильвад Бен Фостер қўриқлаётган дарвозага йўллади.

Пеп Гвардиола шогирдлари тезкор голдан кейин ҳам тўхтовсиз ҳужум қилишда давом этишди ва кейинги 17 дақиқа ичида яна тўртта гол урди. Ўйиндан ҳам, пенальтидан ҳам, жарима зарбасидан тўғридан-тўғри зарба орқали ҳам ва жарима зарбасидан кейинги узатма орқали ҳам - исталганча ва турли ижрочилар билан. Серхио Агуэронинг голи юбилей гол бўлди - аргентиналик футболчи Премьер-лигадаги юзинчи голини урди, у энди АПЛда бир клуб сафида гол уриш борасида фақат Тьерри Анри (114) ва Уэйн Рунидан (101) кейинги ўринда.

18-дақиқагача ҳисобни 5:0 кўринишига келтириш - АПЛда рекорд натижа ҳисобланади. Бундан аввалги рекорд 22 йилу бир ой сақланиб турди - 1997 йилнинг 25 августида «Блэкберн» «Шеффилд Уэнсдей»га қарши ўйиннинг 24-дақиқасигача 5та гол урганди. Гвардиола эса бундай қисқа вақт ичида шунча гол уриш бўйича натижани аввал ҳам қайд этган - 2015 йил сентябрида унинг бошқарувидаги «Бавария» «Вольфсбург»га қарши ўйнаганида мураббий иккинчи бўлимда Роберт Левандовскини майдонга туширган ва польшалик ҳужумчи майдонга тушганидан кейинги 15 дақиқа ичида 5та гол урганди - унинг биринчи ва бешинчи голи орасидаги муддат - 9 дақиқа бўлган.

Танаффусдан кейин «Сити» ҳужумкор футбол намойиш этишда давом этди ва яна учта гол уриб, ҳисобни 8:0 кўринишига келтирди. Бернарду Силва ҳет-трик расмийлаштирди, бу унинг футболчилик фаолиятидаги илк ҳет-трик бўлди, де Брюйне ҳам «гол+пас» тизимида 3 очко олди, у икки голга узатма бериб, ўйинга нуқта қўйган голга муаллифлик қилди. «Уотфорд» бу оқшом 10тадан ортиқ гол ўтказиши мумкин эди — мезбонлар берган зарбаларнинг учтаси Бен Фостер қўриқлаётган дарвоза тўсини ва устунларидан қайтди.

Бу «Сити» учун ўз тарихидаги энг йирик ғалаба бўлди. Лекин бу АПЛ ўйинларидаги энг йирик ҳисоб эмас - 1995 йилда «Манчестер Юнайтед» «Ипсвич»ни 9:0 ҳисобида тор-мор этган.

«Шаҳарликлар» ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятни 2008 йилда «Мидлсбро»дан қабул қилиб олишган - 1:8.

Ўйинни бошқариб борган Майк Дин учун бу жорий йилда «Сити»нинг учинчи ўйинида ишлаш бўлди, ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида у «Челси»га қарши (6:0) ва Англия Кубоги доирасида «Бертон Альбион»га қарши (9:0) йирик ҳисобдаги ғалабалар қайд этилган ўйинларда ҳам ишлаган, бу ўйинларда ҳам Гвардиола шогирдлари илк беш дақиқаликда ҳисобни очишган. У «Уотфорд»га қарши ўйинда иккинчи бўлимга яна уч дақиқа қўшиб берди ва финал ҳуштагини кутиб яшаётган меҳмон футболчиларини яна 3 дақиқа давомида азобланишга мажбур қилди.

«Манчестер Сити» очколари сонини 13тага етказган ҳолда Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида иккинчи ўринга жойлашган, жамоа фақат «Ливерпуль»дан ортда қолмоқда (15 очко), мерсисайдликлар бу турда «Челси» билан ҳисоб-китоб қилишади. «Уотфорд» 2 очкоси билан энг сўнгги - 20-ўринда қолмоқда.

Англия чемпионати
Премьер-лига
6-тур
«Манчестер Сити» — «Уотфорд» — 8:0
(5:0)
Голлар: Сильва, 1 (1:0). Агуэро, 7 — пенальти (2:0). Маҳрез, 12 (3:0). Бернарду Силва, 15 (4:0). Отаменди, 18 (5:0). Бернарду Силва, 48 (6:0). Бернарду Силва, 60 (7:0). Де Брюйне, 85 (8:0).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Отаменди (Гарсия, 63), Уокер (Жоау Канселу, 54), Менди (Анхелиньо, 46), Сильва, Фернандинью, Де Брюйне, Эрнандес, Агуэро, Маҳрез, Бернарду Силва.
«Уотфорд»: Фостер, Мариаппа, Кико Фемения, Доусон, Ҳолебас, Фулькье (Перейра, 33), Капуэ, Клеверли, Дукуре, Хьюз (Сарр, 59), Деулофеу (Грэй, 77).
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва, 19. Деулофеу, 59. Кико Фемения, 60. Анхелиньо, 81.
Ҳакам: Дин.
21 сентябрь. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид