Технология | 20:47 / 08.09.2018
6943
2 дақиқада ўқилади

Toyota Япониядаги зилзила оқибатлари сабабли 16 та заводи ишини тўхтатади

Фото: Global Look Press/YOSHIO TSUNODA

Toyota Motor компанияси бутловчи қисмлар етказиб берилишида узилишлар бўлиши мумкинлиги сабабли 10 сентябрдан Япониядаги 18 та заводидан 16 тасининг ишини тўхтатади. Бу ҳақда NHK телеканали маълум қилди.

Бу қарор 5 сентябрдан 6 сентябрга ўтар кечаси Хоккайдо оролида юз берган 6,7 магнитудали зилзила оқибатлари билан боғланган. Таъкидланишича, табиий офат сабабли  компаниянинг Томакомаи шаҳридаги, узатмалар қутиси ишлаб чиқариладиган заводида электр таъминоти ўчиб қолган. Компания ушбу носозликнинг Японияда автомобиллар ишлаб чиқарилишига таъсирини баҳолаб, заводларининг қайта ишлашга туширилиши бўйича қарорни 11 сентябрдан кейин қабул қилади.  

Компаниянинг ишлаб чиқариш цикли ўтган ҳафта бошида Япониянинг ғарбий қисмига ёпирилган тўфон сабабли ҳам издан чиққан. Ўшанда компания жабрланган ҳудуддаги бир нечта заводида кечки сменаларни бекор қилишига тўғри келган.

Охирги маълумотларга кўра, Хоккайдодаги зилзила оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган, 300 дан кўпроқ киши яраланган, 26 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид