Жаҳон | 07:25 / 09.09.2018
12758
2 дақиқада ўқилади

Трамп Apple’га ишлаб чиқаришини АҚШга қайтаришни тавсия қилди

Фото: Slate.com

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойдан олиб кирилувчи маҳсулотларига божлар киритилиши мумкинлиги сабабли нархлар ошишидан хавотир билдирган Apple компаниясига асосий ишлаб чиқаришни АҚШга қайтаришни ва ҳозирданоқ заводларни қуришни бошлашни тавсия қилди.

Аввалроқ Apple АҚШ ҳукуматига Хитойдан келтирилувчи товарларга Трамп томонидан бож киритилиши америкаликлар учун компаниянинг баъзи маҳсулотларига нарх ошишига таъсир қилиши айтилган мактубни жўнатган.

“Хитойга нисбатан киритишимиз мумкин бўлган катта кўламли божлар сабабли Apple маҳсулотлари нархи ошиши мумкин. Бироқ солиқ нол қийматда бўлиб, боз устига солиқ имтиёзлари бор бўладиган оддий ечим ҳам мавжуд. Ўз маҳсулотингизни Хитойда эмас, АҚШда ишлаб чиқаринг. Ҳозирданоқ заводларни қуришни бошланг”, деб ёзган Трамп бунга жавобан твиттерда.

Айни вақтда Apple АҚШда фақат Mac Pro компьютерларини ишлаб чиқаради, унинг асосий ишлаб чиқариши мамлакат ташқарисида, жумладан Хитойда жойлашган. 

Аввалроқ Оқ уй Хитойнинг 200 млрд долларлик товарлари ва хизматларига 25 фоизлик бож киритишни режалаштираётгани маълум бўлганди. ОАВ божлар сентябрда киритилишини маълум қилган. Трамп аниқ санани маълум қилмаган, бироқ бу “тез орада” юз беришини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид