Божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзуга муносабат билдирди
Яқинда баъзи ахборот манбаларида “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш халқни соғиш ҳисобигами?” сарлавҳали материал эълон қилинди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Унда четда харид қилинган ва халқаро почта тизимлари орқали олиб келинаётган товарларни олишда қатор муаммоларга дуч келинаётганлиги қайд этилган.
Қайд этилишича, хорижий давлатдан юборилган почта ва курьерлик жўнатмалари қабул қилинмоқчи бўлинганида, ушбу жўнатмалар учун божхона тўловлари ундирилмайдиган тегишли меъёрлар белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 июлдаги ПҚ–3873-сон қарорида ушбу меъёрлар аниқ белгиланган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонунига биноан, почта жўнатмалари - бу манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва тегишли ўровдаги босма нашрларни билдиради. Курьерлик жўнатмалари эса жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб берилган (топширилган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрларни билдиради.
Юқоридаги ПҚ–3873-сон Қарорга мувофиқ, халқаро почта жўнатмаларини қабул қилаётган жисмоний шахслар 100 АҚШ долларига тенг бўлган қийматдаги товарлар учун бож тўловларини тўламайдилар.
Шунингдек, жисмоний шахслар ҳар чоракда бир маротаба курьерлик жўнатмалари орқали 1 000 АҚШ доллари қийматига тенг бўлган товарларни божсиз қабул қилиб олишлари мумкин.
Жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади ва қонун ҳужжатларига биноан олиб кирилаётган товарларнинг барча суммасига нисбатан божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади.
Товарларни почта ва курьерлик жўнатмалари орқали қабул қилишда амалдаги божсиз олиб кириш меъёрларини суиистеъмол қилишга бўлган уринишлар кўплаб учрамоқда. Масалан, яқинда аниқланган қуйидаги ҳолат ҳам фикримизни тасдиқлайди, дейилади хабарда.
Сингапурдан пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Р. номига почта жўнатмаси орқали 1 дона “Replica Xiaomi Phone Mi 8 Snapdragon” маркали телефон юборилган. Ушбу жўнатмага тегишли СN-23 шаклидаги божхона декларациясида мазкур телефоннинг нархи 49 АҚШ доллари қилиб кўрсатилган.
Аммо, таҳлиллар давомида божхоначилар декларациядаги мазкур маълумот нотўғри эканлигини аниқлашган. Жумладан, почта жўнатмасини қабул қилувчи шахс ушбу телефонни Интернетдаги AliExpress Standard Shipping онлайн дўконидан 300 АҚШ долларига буюртма бергани маълум бўлди.
Ушбу ҳолатда қиймати 100 АҚШ долларидан юқори бўлган товарнинг нархини асоссиз равишда пасайтириб, 49 АҚШ доллари қилиб кўрсатиш орқали, ушбу телефонни божсиз олиб кириш меъёрларини суиистеъмол қилган ҳолда олиб киришга бўлган уриниш содир этилган.
Ушбу ҳолатда божхона ходимлари мазкур 300 АҚШ долларлик телефоннинг божсиз олиб киришга рухсат этилган 100 АҚШ долларини чегириб ташлаб, қолган 200 АҚШ доллари учун белгиланган тартибда давлат бюджетига тегишли божхона тўловларини ундиришган.
Ижтимоий тармоқларда халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилаётган жисмоний шахслар учун жорий қилинган товарларни божсиз олиб кириш меъёрларига нисбатан турлича ёндашувлар кузатилмоқда.
Жумладан, кимдир буни маъмурий чеклов сифатида баҳоласа, кимдир маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинган чора сифатида таъкидламоқда.
Аслида эса ушбу меъёрлар жисмоний шахсларнинг манфаатлари ҳар томонлама инобатга олинган ҳолда қабул қилинган дейишимиз мумкин.
Чунки, жисмоний шахсни ҳар чоракда 1000 АҚШ доллари, йил давомида эса 4000 АҚШ долларига тенг товарларни ўз эҳтиёжи учун бож тўламасдан олиб кириши юртимизда яшаётган ҳар бир шахсни четдан сифатли ва арзон товар олишини тўлиқ кафолатлайди.
Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар учун жорий қилинган божсиз олиб кириш меъёрлари юзасидан ҳар қандай савол ва мурожаатларга ўз вақтида жавоб беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Мавзуга оид
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
17:38 / 05.11.2024
Хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали етказиш йўлга қўйилади
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
15:30 / 23.10.2024