Спорт | 23:20 / 11.09.2018
36362
3 дақиқада ўқилади

«Ҳужум оғриқли нуқта». Купер мағлубиятнинг асосий сабаби ҳақида гапирди

«Биз икки хил бўлим гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда футболчилар ёмон таассурот қолдиришмади, футболчилар нисбатан яхшироқ ўйнашди. Рақиб ҳам оддий жамоа эмас эди. Шунга қарамасдан, футболчилар муносиб қаршилик кўрсатишди. Аммо иккинчи бўлимда футболчилар чарчаб қолишди. Бу менинг айбим бўлиши ҳам мумкин, жисмоний тайёргарлик жойида бўлмаган бўлиши мумкин.

Бу ўйинда ҳимоя чизиғи ва яримҳимоя чизиғи олдинги ўйинга нисбатан яхшироқ ўйнади. Майдон марказида яхши ўзгаришлар гувоҳи бўлдим.

Аммо ҳужум чизиғи устида кўпроқ ишлашимиз керак. Голли вазиятлар деярли бўлмади. Бу борада ишлашда давом этамиз.

Мухлислар ғалаба кутишганди. Лекин бу оддий ўртоқлик учрашуви бўлгани сабабли, ҳаммага имкон бериб, кўплаб ўйинчиларни синаб кўрдим. Натижада, иккита бўлим бир-биридан фарқ қилди, туширилган футболчилар ўйинга мослашиб кета олишмади.

Ҳужумчилар сони жамоа ҳужумкорлигини кафолатлай олмайди. 4 ҳужумкор футболчи - Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Рашидов, Марат Бикмаев ва Элдор Шомуродов бир вақтнинг ўзида майдонда ҳаракат қилди, аммо гол бўлмади.

Бугун Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирига қарши ўйнадик. Яна шуни унутмаслик керакки, Карлуш Кейруш 7 йилдан бери Эрон терма жамоасида ишламоқда. Бу терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги ўйинларини кўрдик. Мен эса терма жамоа билан ҳали икки ҳафтадан кўпроқ вақт бирга бўлдим холос. Ўзаро тушунишга эришиш учун вақт талаб этилади. 

Менинг тактикамдаги ўйинда асосан ҳимоядан ҳужумга ўтилади. Биз жуда ҳам кучли жамоага қарши тўп тепдик. Футболчилар менинг тактикамга мослашиши учун вақт керак.

Мен ўтказилган иккита ўйинда жамоанинг хатолари ҳақида етарли хулосага келиб олдим. Кимлар жамоада қолади, кимлар кетиши ҳақида яхшилаб ўйлаб бир фикрга келаман.

Осиё кубогига тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Бунинг учун ПФЛ ўйинларини муддатидан аввал тугатиш шарт эмас. Мен ички чемпионат ўйинларини ҳам диққат билан кузатаман.

Биз ёшларга ҳам эътибор беришни бошлаганмиз. Ўзбекистон олимпия жамоасидан бир неча футболчини кўз остимга олиб қўйганман. Октябрдаги ўйинларга ёшлар терма жамоасидан ўйинчилар чақирилади. Ҳатто, терма жамоа ўйинларида умуман иштирок этмаган футболчиларни ҳам кўрасиз. Биз ёшлар терма жамоасини нафақат Индонезияда кузатдик, балки аввалги турнирлардаги иштирокини ҳам ўргандик. Бу жамоада бир неча яхши футболчилар бор. Улар Осиё ўйинларида бўлгани учун бу футболчиларни йиғинга жалб эта олмагандим», - дея Купернинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид