Икки ўйиндан келиб чиқиб, мураббийга ижобий ёки салбий баҳо бериш мумкинми? Масалан, журналистлар эронликлар терма жамоаси устози Карлос Кейрушдан унинг жамоасига қаршилик қилган «Ўзбекистон»лар ичида қайси мураббийнинг (Абрамов, Қосимов, Бабаян, Купер) жамоаси кучлироқ эканини сўрашди. Аслида, бу жамоаларни солиштириш нотўғри деб ўйлайман.

Биринчидан, Эронга қарши ўйнаган терма жамоаларимиз турли даврларда ва тайёргарлик босқичларида эди. Осиё кубоги ва саралашнинг икки босқичини бирга босиб ўтган Абрамов жамоасини икки ҳафтача олдин илк марта йиғилган Купер жамоаси билан тенг кўриш тўғри эмас.

Иккинчидан, аввалги ўйинлар расмий мақомда бўлиб, мураббийларимиз, албатта, рақиб ҳам, аввало, очко қўлга киритиш учун майдонга тушишган. Купер эса, бошқа паллада турибди.

Учинчидан, Кейруш билан етти йил биргаликда салкам клубга айланаёзган Эрон билан 2012 йилдагисини солиштиришдан ҳам маъно йўқ.

Мураббийнинг тайинланиши бирор бир истеъфодан кейин, масалан, қандайдир турнир давомида амалга ошса, илк ўйинлардаёқ, унинг иши кўзга ташланади. Сабаби, одатда, бундай ҳолатларда мураббийлар ишлаб турган услуб ва тактикаларни ўзгартиришга қўл уришмайди. Шунчаки, муваффақиятсизликлардан йиғилиб қолган салбий ҳиссиётлар йўқолиб, ўйинга қўшимча чизгилар берилиши (ишлаб турган мураббий жараённинг ичига тушиб кетиб, кўпинча хатоларини пайқамай қолади, янги келган мураббий эса, четдан кузатув ёрдамида муҳим нуқталарни пайқаши ва ижобий туртки бериши мумкин) ҳисобига жамоа кучаяди. Қосимов Инилеев ва Абрамов ўрнига келганида ҳам, Бабаян Қосимовдан сўнг тайинланганда ҳам, айнан шу жиҳат ёрдамида терма жамоа натижалари яхшиланиб, мураббий иши дарҳол кўзга ташланганди.

Ҳозир бошқача ҳолат. Эктор Куперга Осиё кубогига тайёргарлик вазифаси топширилди ва унинг ихтиёрида етарли вақт бор. Табиийки, мураббий аввало, ўз жамоасини қуриш, футболчиларни ўз фалсафа ва ғояларига мослаштириш йўлидан боради. Кападзедан қабул қилиб олинган жамоа билан бирданига ғалабалар қозонишни ўйласа, хато бўлиши шубҳасиз. Шу томондан, Куперни 2010 йилдаги Абрамов ёки 2007 йил бошидаги Инилеев ҳолати билан солиштириш мумкин. Апрелдан бошлаб жуда кўп ўртоқлик ўйинларида қатнашган Абрамов илк ғалабасини ноябрь ойига келиб қўлга киритганди.

Ва яна бир катта фактор бор. Мураббий ва футболчилар ўртасидаги муносабат ҳали тўлиқ шакллангани йўқ. Яъни, майдондаги ўйинга қараб туриб, мураббий футболчиларга айнан қандай йўналишда кўрсатма ва вазифалар берганини билиш қийин. Чунки ҳали янги юклама ва кўрсатмаларга ўрганмаган футболчи ўз вазифасини қай тариқа бажара оляпти ёки йўқ, қайси паллаларда айнан мураббийнинг айтганини қилишга уриняпти ва қачон импровизация қиляпти, баҳо бериш осон эмас. Агар етарли вақт ва ўйинлардан кейин ҳам, терма жамоамиз ўйини кечагидек бўлса, Куперга тўлиқ саволлар ва айбловларни йўллашимиз мумкин – шунча вақтда ўз ғояларини футболчиларга сингдира олмаган ёки мос тактика танлай олмаган деб. Бир ҳафта машғулотлар ва икки ўйин орқали футболчилар томонидан кўрсатилган ўйин Купернинг миясидаги тактиканинг акси деб айта олмаймиз. Ҳали эрта. Бу тушунарли.