Фан-техника | 23:44 / 12.09.2018
10865
3 дақиқада ўқилади

Mercedes-Benz янги авлоддаги GLE кроссоверини тақдим қилди

Mercedes-Benz немис компанияси янги авлоддаги GLE кроссоверини тақдим қилди. Автомобилнинг илк оммавий намойиши октябрда Париждаги автосалонда бўлиб ўтади. Машина Европада кейинги йилдан сотила бошланади. Унга асосий рақобатчи BMW X5 модели бўлади.

Янги GLE йўлтанламаси MHA (Modular High Architecture) платформасида қурилган. Бу шасси янги E-Class учун ҳам қўлланади. Ундан GLE Coupe, GLC ва GLS моделларида фойдаланилади.

Фото: Daimler AG

Автомобил аввалги версиясига нисбатан ўлчамларда катталашган. Энди машинанинг ғилдираклар базаси 2995 ммни (80 мм қўшилган) ташкил қилади. Бунинг эвазига орқа ўриндиқдаги йўловчилар оёқлари учун бўш жой анча кўпайган. Машинанинг аэродинамик қаршилиги коэффициенти 0,29ни (аввалги моделда 0,32) ташкил қилган. Машина юкхонаси сиғими 825 литрга тенг бўлиб, унинг ҳажми йиғиштирилган орқа ўриндиқларда 2055 литргача етади. Машинани 5 ёки 7 ўриндиқли салон вариантида сотиб олиш мумкин.

 Фото: Daimler AG

Машинанинг дизайни анча ўзгаришларга учраган. Унда янги чироқлар, катта ғилдираклар диски, кўриниши ўзгарган бамперлар ва радиатор панжараси пайдо бўлган. Машина умумий ойна остида жойлашган, икки дисплейли асбоблар панели билан ҳам жиҳозланган. Дисплейлардан бири асбобларга, иккинчиси эса мультимедиа ва навигацияга жавоб беради.

Фото: Daimler AG

Кроссовер сенсор панелли рул, янги мультимедиа тизими Mercedes-Benz User Experience (MBUX) билан жиҳозланган.

Машинанинг двигателлари ҳозирча тўлиқ ошкор қилинмаган. Компания шуни маълум қилганки, GLE 450 4Matic версияси 3 литрли, 6 цилиндрли ва 367 от кучига эга двигател олади. 

Фото: Daimler AG

Шунингдек, мижозларга 286 ва 340 от кучига эга дизел моторли кроссоверлар таклиф қилинади. Бундан ташқари, янги кроссовернинг спорт версияси AMG ҳам бўлади. Унда 4 литрли, 8 цилиндрли бензин двигател ўрнатилади. Ушбу двигателнинг кучи 600 от кучидан ошади. 

Машина такомиллашган фаол гидроподвеска Active Body Control олган. У йўлтанламас режимга эга бўлиб, у фаоллашганда машина клиренси оширилади. Кроссовернинг қимматбаҳо версиялари мослашувчан пневматик подвеска билан жиҳозланади. Бу подвеска йўлни сканер қилиб борувчи видеокамера маълумотларидан келиб чиқиб ўз созланмаларини ўзгартира олади.

Мавзуга оид