Жамият | 17:31 / 12.09.2018
34817
7 дақиқада ўқилади

У қонуний ўтган тендерда ютди, ердан эса дарак йўқ. Ҳоким имзоси ўзи билан “Пахта-2018”да

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилди. Стратегия асосида ижтимоий ва иқтисодий соҳани янада ривожлантириш муҳим дастур сифатида белгиланди. Мазкур икки соҳани ривожлантириш билан қолган устувор йўналишлар реализация қилинишига асосий таъсир этувчи омил сифатида қаралди. Буни англаган ҳолда, тадбиркорларга давлат томонидан тегишли амалий кўмаклар бериш Президент томонидан қаттиқ тартибда назорат қилинмоқда. Лекин шунга қарамай жойларда тадбиркорларга етарли ёрдам бермаётган мансабдор шахслар ҳам учраб турибди.

KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилган тадбиркор Илҳом Ёқубовнинг муаммосини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманига бордик. Илҳом ака билан шахсан суҳбатлашдик.

Илҳом ака бир неча йиллар давомида давлат хизматида бўлган шахс. Тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан руҳланиб 2017 йилда фермерлик билан шуғулланишни мақсад қилади. Белгиланган тартиб бўйича туман ҳокимиятига мурожаат қилди. Ғ.Ғулом ММТП (Муқобил машина трактор парки) ҳудудидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган туман ҳокимининг 02.12.2015 йилдаги №1330/214 сонли қарорига асосан туман захира фондига қайтарилган 1014қ-1016қ контурлардаги жами 8,9 гектар ер майдонлари танловга қўйилади.

Танловда жами 5 нафар фуқаро Илҳом Ёқубов, Т.Камолдинов, Ў.Турғунов, Қ.Шомуродов ва Т.Асқаровлар қатнашади. Тендер бевосита ҳоким назоратида ўтади. Натижалар эълон қилинади. Талабгорлардан Илҳом Ёқубов энг юқори 45 балл билан ғолиб деб топилади. Қолган фуқаролар ўртача 25лар атрофида баллар йиғишади. Баённома тузилади, комиссия аъзолари, комиссия раиси ва ўринбосари имзолашни бошлайди. Ташкилий ишларни олиб борган аъзолар иккиланмай комиссия йиғилиши қарорига тўғри деб имзо чекишади.

Бу орада норози тарафлардан Т.Асқаров ва бошқалар ҳоким ҳузурига жанжал қилиб боришади. Ҳоким уларни тендерни бошқатдан ўтказамиз деб тинчлантиради. Улар тендерни ноқонуний ўтказилган деб ёзмаган ташкилоти қолмайди. Туман прокуратураси ҳужжатларни битталаб кўриб чиқади. Прокуратурадан уларга тендер қонун асосида амалга оширилганини таъкидлашади. Бошқа ташкилотлар ҳам шуни тасдиқлайди.

Т.Асқаров ва бошқалар шунга ҳам қониқмай ерни ўз фойдаларига олиш мақсадида бир "тадбир" уюштиришади. Илҳом Ёқубов фарзандлик бурчини бажариш учун отасини Ҳажга юборишни мақсад қилганди. Т.Асқаров ва бошқалар буни билган ҳолда, Илҳом аканинг хонадонига бориб туман ҳокимлиги ҳузуридаги Муборак ҲАЖ комиссияси раиси номига “Бегобод” МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан шикоят хати тайёрлайди. Шикоятни Илҳом акага кўрсатиб ундан тендерга топширган аризасини қайтиб олишни талаб қилишади. Лекин Илҳом ака бунга рози бўлмайди. Ваҳоланки, аризада номи келтирилган 11 та фуқародан ярмидан кўпи имзо чекмаганди. Бу орада Илҳом аканинг отаси Ҳаж сафарига ҳам кетади.

Шикоят аризасини қидирдик. У ўша куни суҳбат бўлган жойда йиртиб ташланган экан. Биз ўша хатни топиб тиклашга ҳаракат қилдик. Ўзингиз ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин. Қисқача мазмуни эса шундай. Фуқаро Аъзамжон Яқубовнинг ўғли улар фойдаланиб келган (гарчи туман захирасида бўлса ҳам) 1014қ-1016қ контурлардаги ер майдонига эга чиқмоқчи. Ер ўғли Илҳом акага берилса, уларнинг қора қозони қайнамай қолиши мумкин. Отаси ҳажга боришга нолойиқ. Шуларни ҳисобга олиб, Ҳаж комиссия раисига юбормаслик мазмунида талабнома қўйилган.

Шу воқеалардан сўнг, туман комиссия раиси ўринбосари Ф.Абдуқодиров ва комиссия раиси Қ.Джураевлар ҳам ҳар хил баҳоналар билан имзо чекишни кечиктириб келишмоқда. Воқеалар изоҳини олиш учун ушбу шахслар билан бирма-бир суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.

Аввалига туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига мурожаат қилдик. Улар барчаси қонуний ўтганини, тендер шаффофлик асосида ўтказилганини тасдиқлашди. У ердан сўнг, комиссия раиси ўринбосари Ф.Абдуқодиров олдига бордик. У киши билан боғлана олмадик. Кейин нега имзо чекишни кечиктириб келаётганини билиш мақсадида туман ҳокими билан боғланишга ҳаракат қилдик. Улар муҳим бир мажлисга кетишганини ҳокимиятдагилар айтишди. Улар билан ҳам суҳбатлашишга имкон бўлмади. Сафаримиз охирида норози тараф билан ҳам телефон орқали суҳбатлашдик. Улар Ҳаж масаласи бўйича қилган ишини тан олиб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Муборак ҲАЖ комиссияси раиси номига ёзган хатларини уларга бермаганлигини, ўша ерда йиртиб ташлашганини айтишди. Ваҳоланки, туман ҳокимиятига Илҳом аканинг оталарини чақириб ўғлининг устидан ариза тушганлигини айтишган.

Тадбиркор бир неча бор ҳокимиятдагилар билан гаплашган. Улар ҳоким ишлардан ортмаётганини, айни вақтда пахта режаси билан бандлигини айтишган. Тендер янги тартиб асосида ўтказилиши мумкинлигини таъкидлашган. Шу ўринда бир нечта саволлар туғилади. Барчаси қонуний ўтган бўлса, нега эски тартиб асосида иш охирига етказилмади. Нега шу вақтга қадар туман ҳокими имзо чекмай келмоқда? Ёки қанақадир манфаат борми? Биз маълум муддатдан сўнг уларнинг қўл телефонларига ҳам боғланишга уриндик, лекин жавоб бўлмади.

Президент айнан халқни тадбиркор қилиш масаласида кенг ислоҳотлар олиб бормоқда. Хусусан, қурби етган тадбиркорларга ердан фойдаланишда кенг имтиёзлар берилмоқда. Бунга Тошкент шаҳрида бўлаётган “Очиқ эшиклар” тадбирида қатнашиб лойиҳалари тасдиқдан ўтган ва уларга гектарлаб берилган ерлар мисол бўлади. Бўлаётган ўзгаришларни бошқа вилоят раҳбарлари ҳам англаб етиши керак. Оддий ютқазган тарафнинг асоссиз норозиликларига қараб ва ҳар хил баҳоналар билан ер бермай келаётган туман ҳокимидан жасорат кутиб қоламиз. Зеро, асосий мақсадимиз халқни рози қилиш. Уларга қўлдан келганча амалий кўмак бериш.


Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид