Иқтисодиёт | 21:31 / 12.09.2018
4653
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Америка бизнес ҳафталигини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон-АҚШ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистонда Америка бизнес ҳафталигини ўтказишга тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Брайан МакФитерс 12 сентябрь куни Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.

“Суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-17-май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи ва президент Доналд Трамп билан ўтказган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва уларни оширишнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Матбуот хизматининг хабарига кўра, 2018 йилнинг 8 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси деярли 300 млн долларни ташкил этди. 2017 йил бўйи эса бу кўрсаткич 210,2 млн долларга тенг бўлган эди. Шу билан бирга мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун сезиларли салоҳиятнинг мавжудлиги эътироф этилди ва бунга икки томонда ҳам қизиқиш борлиги таъкидланди.

Суҳбатда шунингдек, АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен иштирок этди.

Мавзуга оид