Light | 21:41 / 13.09.2018
12530
3 дақиқада ўқилади

Мутолаа завқи: «Сўнгги тўфон» - шукроналикка ундовчи асар

Сиз ҳам гоҳо сабабсиз ношукурлик қилган вақтингиз бўлганми? Ўз-ўзидан, сабабсиз ҳеч кимга гапиргингиз келмайди, ҳеч иш қилишга қўл бормайди. Ана шундай ҳолатда юрган кунларимнинг бирида қўлимга турк ёзувчиси Аҳмад Лутфи Қозончининг «Сўнгги тўфон» китоби тушиб қолди.

Асар оддий тилда ёзилган, ортиқча фалсафабозлик қилинмаган. Тасвирлар шунақанги берилганки, асар воқеалари ичида яшайсиз. Қаҳрамонлардан бири Турсуннинг қишнинг совуқ кунида оёғида этик йўқлигига ачиниб, этикли бўлганида қувонгандим. Аммо ичкиликка берилган ота ўғлининг ўзидан ҳам авайлаб кияётган, таъбир жоиз бўлса ардоқлаётган этигини қиморда ютқазиб қўяди. Тасвирлар ўйлаб топилмаган, ҳаммаси худди ёзувчи гувоҳ бўлгандек ёзилиши билан бирга сизниям ўша воқеа иштирокчисига айлантира олади.

Ҳеч ёдимдан чиқмайдиган яна бир воқеа, Ҳасан - ўсмир ёшдаги ўқувчи партаси тагидан ўчирғич топиб олади. Чиройли, янгигина, кошки униям шунақа ўчирғичи бўлсайди. У ўчирғични олишни жудаям истайди, аммо виждон амрига, онаси берган гўзал тарбияга қарши боролмайди. Устозига: «Кимникидир қолиб кетибди»,- деб олиб боради. Қарангки устоз: «Бу сенга бўла қолсин»,- деб ўчирғични Ҳасанга совға қилиб юборади. Китобдаги воқеа-ю, қаҳрамонлар бизга яқин, шукроналикка ундов, отани ҳар қандай ҳолда ҳам ҳурмат қилиш кераклиги ҳақидаги гаплар жуда жуда ўринли. Китобни ўқиш ўқувчини нафақат ҳамдардликка, балки шукронага ҳам ўргатиши шубҳасиз. Китобнинг қайта-қайта чоп этилиши-ю, ўқувчилар ўртасида қўлма-қўл бўлишининг сабаби ҳам унинг ҳаётийлигида.

Сўнгги тўфонни ўқиш оила энг буюк масканлиги, аёлнинг сабри оилани ҳақиқий оила қилишини исботлайди. Яхши китоб ҳақида шундай гап бор: агар китоб ўқиганингизда у худди бошингизга гурзи билан ургандек таъсир қилмаса у яхши китобмас. «Сўнгги тўфон» эса бошингизга гурзи билан урмасада, кўпгина нарсаларни дақиқалар ичида сизга тушунтириб қўяди. Энг аҳамиятлиси ушбу китобни фарзандингиз ҳам, ўзингиз ҳам бемалол мутолаа қилишингиз, оила даврасида ҳам ўқишингиз мумкин.

Зуҳра Рўзиева, китобхон

Мавзуга оид