Жамият | 22:24 / 31.07.2019
7089
4 дақиқада ўқилади

«Полианна» - воқеликлардан яхшилик қидиришга ўргатувчи асар

Одам яхши асар ўқиганида гўё анчадан бери кўрмаган дўстини кўргандек хурсанд бўлиб кетади, дунёнинг бор ташвишини унутиб китоб ичига гўё кириб кетади. 

Элинор Портернинг «Полианна» китобини ўқиш жараёнида мен ҳам ана шундай ҳолатга тушдим. Атроф бир зумда жимжит бўлиб қолди-ю, Полианна исмли қиз билан бирга сайр қилдим. 

Ўсмир қизчанинг ҳар бир гапи менга гўё кўзгу тутгандек бўлди. У тўшакка михланган бемор олдига бораркан, “Сиз оёқ қўлингиз қимирлаётганига хурсанд бўлишингиз керак” деди. Йўлида учраган одамдан камчилик эмас фазилат ахтараётган қизчадек бир кун яшаб кўрсам, худди бир сандиқ бойлик топгандек хурсанд бўлиб кетдим. 

Рости, Полианнанинг ҳар бир воқеликдан яхшилик топиш ўйини ҳаётимизни енгиллаштирибгина қолмай, ундан завқланишни ҳам ўргатади. Тақдир тақозоси билан етимлик заҳрини тортаётган қизча бағритош холаси қалбини юмшатишга ҳам эришди, унга инсондек яшаш илмини ўргатди. 

Асар бутунлай бошқа юртда ёзилган, воқеалар биздан олисда бўлгани билан муаммолар бизга яқин. Жуда-жуда яқин. Масалан, асар қаҳрамони Полианнага холаси дарслардан иборат кун тартиби белгиларкан, у “Холажон, бунча дарс қилсам қачон яшайман, ахир?” деб сўрайди. Дарҳақиқат, нафақат ўзимиз, балки гоҳо фарзандларимизга ҳам шунақанги кўп юклама юклаймизки, у завқланиш, тўйиб шўхлик қилишни ҳам унутиб қўяётгандек. 

Полианнанинг шаҳди, шижоати ва гаплари бизни ўзи ёш-у, тақдир зарбаси улғайтирган қизнинг дардларига шерик қилади. Ҳамма нарсадан яхшилик қидираверсангиз, кўнгилсизликлар ўз ўзидан эсдан чиқади. Қаҳрамоннинг ушбу гапи, кўнгилларга малҳам берибгина қолмай, гўё димиққан хонага кирган тоғ ҳавосидек одамни хурсанд қилади. Афсуски, улғайганимиз сари боладек қувонишни унутиб қўямиз. «Полианна» эса ўқувчига ҳар бир сониядан завқланишни ўргатади, унутилган қувончни.

Китоб илк бор 1912-йилда чоп этилади ва қарийб бир асрдан ошдики, ҳамон ўқувчилар томонидан илиқ қарши олинмоқда. Илк чоп этилганидан бери ўтган вақт бу асарнинг асрлар силсиласига бардошли ва ҳамма даврда ҳам ўз ўқувчисини топишини кўрсатди. 

Эътиборли томони Элинор Портер ушбу китобини уйининг томида бунёд этилган тоғда ёзади. Муаллифнинг айтишича, у бундан яхшироқ шароитни орзу ҳам қилолмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам китоб бир ўқишда ўқувчини ўзига боғлаб қўядиган даражада самимий чиққандир. Ушбу китоб мутолааси ўқувчини дунёга одатдагидан кўра янгича нигоҳ билан қарашга ундайди, ҳаётимизда шукр қилишга арзирли сабабларни топиб беради. Бир кун, бир кунгина боладек беғубор бўлишга чақиради ва назаримда унинг айнан бизга яқин жиҳати ҳам ана шунда. 

Америка болалар адабиётининг мумтоз намунасига айланган «Полианна» асари нафақат фарзандингиз, балки ўзингиз ўқишингиз учун ҳам ажойиб танлов бўла олади. 

«Полианна» дан иқтибослар:

Ҳамма нарсадан яхшилик қидиринг, кўнгилсизликлар ўз-ўзидан эсдан чиқади. 

***

Инсонга фақат яхши томонларини кўрсатинг, унинг аҳмоқона одатларини гапирманг. Ундаги менни топиб берсангиз, у ўзидаги илгари очилмаган қирраларни кашф этади ва албатта ғолиб бўлади.

***

Аёл меҳрисиз ва боласиз уй фақат бошпана, фақат аёл меҳри билангина уй ҳақиқий уй бўлади. 

***

Сен кўпинча аввал гапириб, кейин ўйлайсан. Аммо муҳими, сен ҳаммасини тўғри қиляпсан.

Зуҳра Рўзиева, китобхон

Мавзуга оид