Жамият | 14:50 / 15.09.2018
6822
7 дақиқада ўқилади

«Ёшлар ҳафталиги» доирасида  ёшлар муаммоларига ечим топилди

Чекка ҳудудлардаги ёшлар ҳаётига кириб бориш, уларнинг ўй-хаёллари, орзулари билан яшаш, кўнглида тугилиб қолган муаммоларига ечим топиш, истеъдодларини юзага чиқаришга кўмаклашиш мақсадида 11-12 сентябрь кунлари Бухоро вилоятида «Ёшлар ҳафталиги» бўлиб ўтди.

Мазкур ҳафталик 11 221 нафар ёшларни ўз қизиқишларига кўра, 74та лойиҳа атрофида бирлаштирди.

Ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Ёшлар ҳафталиги»нинг эрталабки  бадантарбия билан бошланди ва спорт мусобақаларига  уланиб кетди. Туманларнинг марказий кўчаларида маҳалла ёшлари иштирокида югуриш марафони ўтказилди. 2200 нафар спортсевар ёшлар 5 км масофани Бухоронинг ойдин кўчалари бўйлаб босиб ўтишди. Финишга биринчилардан бўлиб келганлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 Қўл тўпи, волейбол, баскетбол, футбол, шахмат-шашка, стол тенниси,  гимнастика ва яна бир қатор спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда қатнашган ёшларнинг уддабуронлиги, ўз жамоаси учун ғалаба сари интилаётгани Бухорои шариф бағрида ёшлар ўртасида спортга иштиёқ баланд эканлигини кўрсатди.

Шунингдек, туманларда «Ёшлар меҳнат ярмаркалари» ташкил этилиб, иш излаб юрган, доимий иш жойига эга бўлмаган ёшларни ўз бағрига чорлади. Ярмаркада 145та ташкилот 1564та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ярмаркада 118 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Энди улар ўзлари қизиққан машғулот билан банд бўлишади.

Бухоро, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон туманларидаги маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, таълим муассасаси етакчиларини  жалб этган ҳолда «Нотинч ҳамда жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар билан ишлашнинг замонавий методлари» мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди. Унда жиноятчиликка қарши курашиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида суицид ҳолатлари олдини олишда самарасиз усуллардан воз кечиб, бугуннинг талабидан келиб чиққан ҳолда вазифалар белгилаш масалалари муҳокама этилди.

Жиноятчилик ошган ҳудудларда «Психологик маслаҳатхона» ташкил қилиниб, у ердаги 210 нафар ўқувчи, 104 нафар ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар, 72 нафар тарбияси оғир вояга етмаганлар учун малакали психологлар томонидан махсус психологик тренинглар, якка тартибдаги суҳбатлар ташкил этилиб, ёшларга консультациялар берилди, уларни тўғри йўлга йўналтириш чоралари кўрилди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида  руҳиятида ижобий ўзгаришлар кузатилган жами 22 нафар вояга етмаганларни ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқариш бўйича тавсиялар берилди.

Вилоятнинг Ғиждувон, Қоровулбозор, Шофиркон ва Бухоро туманлари ҳамда Бухоро шаҳридаги маҳаллаларда жами 63та нотинч ва ноқобил оилалар, шунингдек ажрим ёқасига келиб қолган оилалар учун  «Психолог қабули» лойиҳаси ўтказилди. Натижада  6та оила яраштирилди.

Шу билан бирга, Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган бошпанасиз фуқароларни вақтинча сақлаб туришга мўлжалланган  реабилитация қилиш марказида сақлаб турилган Қ.Мадраимов ва М.Ботирқулова билан психологлар якка тартибда суҳбатлашишди ва уларни стресс ҳолатидан чиқариш юзасидан амалий кўмак беришди.

Лойиҳа доирасида Бухоро вилояти Когон шаҳрида жойлашган 62-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган 21 нафар ёшнинг содир этган жиноятлари таҳлил қилинди ҳамда ижтимоий хавфи кам бўлган ёшларга кафиллик бериш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Мазкур ўтказилган тадбирлар, учрашувлар, психолог қабуллари вилоятдаги масъул мутахассисларга ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш, суицидлар олдини олиш борасида натижали ва мақсадли вазифаларни белгилаш бўйича амалий маҳорат дарслари бўлиб хизмат қилди.

Ҳафталик доирасида жойларда 148 нафар имконияти чекланган болалар билан учрашув ташкил этилиб, учрашувларда малакали психологлар ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ва Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист, «Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази» директори Раъно Шодиева иштирок этди. Тадбирлар сўнгида аҳволи оғир, ногиронлиги бор ёшлар ва болалар хонадонига ташриф ташкил этилди. Уларга китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа эсдалик совғалари тақдим этилди. Жумладан, «Гулшанобод» МФЙда яшовчи Шаҳзода Эргашева ҳамда «Хумин» МФЙда яшовчи Ҳасан Барноев, Буюк ипак йўли кўчасида яшовчи Суннат Эгамбердиевнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга тор доирадаги мутахассислар кўриги ва кўмаги учун керакли ҳужжатлар жамланди.

Шунингдек, 15 нафар тиббий муолажага муҳтож имконияти чекланган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга ҳомий бириктириш бўйича чоралар кўрилди.

Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туманларда ёшлар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилди. Турли йўналишда қалам тебратаётган 2300 нафардан ортиқ  ижодкор ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Халқ артистлари Гавҳар Зокирова, Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Республика Ёш ижодкорлар Кенгаши раиси Меҳриноз Аббоссова иштирок этди. Учрашувлар якунида 1 500 нафардан ортиқ янги кашф этилган ижодкор ёшлар Республика Ёш ижодкорлар Кенгашига аъзо бўлишди.

Шофиркон, Қоровулбозор, Ғиждувон, Бухоро туманларида жами 426 нафар таълим муассасаларининг сардор ва етакчилар иштирокида ўқув-семинар ўтказилиб, ёшларнинг етакчилик (лидерлик) қобилиятини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳафталик доирасида Қоровулбозор туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари 1-синф ўқувчиларининг 410 нафари «Камалак» болалар ташкилоти аъзолигига қабул қилинди.

Ўқув-семинарлар давомида умумий ўрта таълим мактаб сардорларининг 2018-2019 ўқув йилида нофаол ва ўзлаштириши паст бўлган тенгдошлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Бухоро вилоятида 2 кун давом этган «Ёшлар ҳафталиги» доирасида ўтказилган лойиҳалар, семинар-тренинглар салбий психологик ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, ёшларни янги орзулар, аниқ мақсадлар билан яшашга ундаш, соғлом ҳаёт сари интилиш, эртанги кунга ишончини кучайтириш учун хизмат қилган бўлса, мутасадди раҳбарлар учун энг нозик ва энг долзарб масала – ёшлар тарбияси борасида ҳеч қачон бепарволикка йўл қўймаслик, ёшлар билан дўстона муносабат ўрнатиш, ҳамкорликда ишлаш тизимини яратиш борасида тажриба вазифасини ўтади.

Мавзуга оид