Жиззахда “Ёшлар ҳафталиги”: ўрганишлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган “Ёшлар ҳафталиги” Жиззах вилоятида ўз ишини бошлади. “Ёшлар ҳафталиги”нинг дастлабки кунидаёқ 13 та лойиҳа доирасида 14 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинишига эришилди.
Ҳафталик анъанага мувофиқ, нафақат Жиззах вилоятининг балки, мамлакатнинг гуллаб-яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, оғир ва мураккаб даврда халқ фаровонлиги йўлида фидойи хизмат қилган инсон Шароф Рашидов хотирасини ёд этиб, пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди.
Шундан сўнг, фан, таълим, маданият соҳаси вакиллари, тажрибали психологлар, спорт усталари ҳамда нуфузли Давлат мукофотлари совриндорларидан таркиб топган Республика Ишчи гуруҳи аъзолари йўналишларга бўлинган ҳолда ҳафталик доирасидаги тадбирларни амалга оширишга киришдилар.
Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Зомин, Пахтакор туманларида эрталабки бадантарбия машғулотлари ҳамда марказий кўчаларда маҳалла ёшлари иштирокида 5 км масофага марафон ўтказилиб, уларда 5 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида қўл тўпи, волейбол, баскетбол, футбол, шахмат-шашка, таэквондо, гимнастика, армрестлинг, тош кўтариш, кураш, бокс, сузиш спорт турлари бўйича 11 425 нафар ёшлар иштирокида мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ҳомийларнинг турли совғалари, дипломлари билан тақдирландилар.
Барча йўналишлар сингари, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳрида “Ёшлар меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. Унда 16 та ташкилот ўзининг 78 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Мазкур ярмарка давомида 22 нафар ёш ишга жойлаштирилди. Энг муҳими, шулардан 3 нафари Ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олинган ёшлар ҳисобланади.
Муаммоли вазиятга тушиб қолган, ҳаёт тажрибаси етарли бўлмаган, турли сабаблар билан ажрим ёқасига келиб қолган ёш оилаларнининг қўрғонини сақлаб қолиш ҳамда ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигини олдини олишга қаратилган энг муҳим лойиҳалардан “Психолог маслаҳатхонаси” лойиҳаси эса ҳафталик доирасида амалга оширилган амалий ишлардан бири бўлди. 4 та ҳудудда Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказининг 10 нафар малакали мутахассислари томонидан “Психолог қабуллари” ташкил қилиниб, “Жиноят содир этишга ва суицидга мойил ёшлар билан якка тартибда шуғулланишнинг самарали усуллари” мавзусида махсус семинар тренинглар ўтказилди ҳамда ажрим ёқасига келиб қолган 20 та ёш оилалар билан якка тартибда ишлаш натижасида 4 та оила яраштирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах шаҳрида жойлашган вояга етмаганларни вақтинча сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасасининг фаолияти, ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Ушбу муассасада сақланиб турилган 2 нафар вояга етмаганлар билан психологлар томонидан якка тартибда суҳбат олиб борилди ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида аниқ натижаларга эришилди. Шунингдек, Зомин туманидаги имконияти чекланган болалар уйига ташриф буюрилиб, мактаб формалари тақдим этилди.
Иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг интилишларини, истакларини рўёбга чиқариш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳафталик давомида 8 та ижодий учрашувлар ўтказилиб, 700 нафарга яқин иқтидорли ёшлар иштироки қамраб олинди.
Ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечимини топиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, керак жойда ёрдам қўлини чўзиш ҳамда иқтидорли ёшларимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи “Ёшлар ҳафталиги” лойиҳаси кўркам Жиззах воҳасида давом этмоқда.
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024
Бировнинг номига 20 млн сўм кредит олиб ўзлаштириб юборган шахс ушланди
01:05 / 16.08.2024