Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Бугун, 15 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбир ўтказилди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор, соҳа мутахассисларини тайёрлашнинг долзарб масалалари ва университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, тадбирда Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Михайлович Ковальчук меҳмон сифатида иштирок этди. Вазир Дилмурод Набиев Беларусь Республикаси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилгани, хусусан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қишки спорт турлари ва гимнастика бўйича тренерлар тайёрлаб берадиган қўшма факультетини ташкил этилиши ва битирувчиларга қўшма диплом берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига «университет» мақоми берилганди.
Шу асосда университетнинг ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланди. Университет ҳудудидаги бинолар ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун 2018-2021 йиллар давомида маблағлар босқичма-босқич ажратилиши белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда университетда истеъдодли ёшларни саралаб олиш, республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ва жамоаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетда 5та факультет мавжуд бўлиб, бакалавр босқичида 3335 нафар, магистратура босқичида 50 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, 18та кафедра, 9 бўлим мавжуд. Таълим-тарбия ва ўқув жараёни 333 нафар юқори малакали мутахассислар, жумладан, 21 нафар фан доктори, профессор, 56 нафар фан номзоди, доцент томонидан олиб борилмоқда.
Айни пайтда университетнинг 5та ўқув биноси, 2та талабалар турар жойи, 2та ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, оғир атлетика, гимнастика ва спорт гимнастика заллари, теннис, найза улоқтириш майдонлари, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, футбол ўйингоҳи фаолият кўрсатмоқда.
Университетда бугунги кунга қадар 30 мингга яқин олий маълумотли мутахассислар тайёрланган. Талабаларнинг аксарият қисми спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари, хизмат кўрсатган спорт усталари унвонларига сазовор бўлишган. Улар мамлакат терма жамоалари аъзолари таркибида Олимпиада, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келишмоқда.
Келажакда университет ҳудудида 1600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 600 ўринли ўқув биносига эга бўлган гимнастика зали, 3та спорт иншооти қуриб битказиш ҳамда футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
17:05 / 30.11.2021
Супер-контрактга кирган қизнинг контрактини тўлаб берган ректор танқидга учради
18:57 / 10.02.2021
Спорт вазирлиги ва туризм қўмитаси бирлаштирилади, унга Абдуҳакимов раҳбарлик қилади
19:19 / 01.02.2021
Собиқ вазир ректорликка тайинланди
21:36 / 29.01.2021