Жамият | 10:31 / 17.09.2018
9471
2 дақиқада ўқилади

Ғузорлик кам таъминланган ва ногирон фуқароларга тикув машиналари берилди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ қабулхоналарининг ташкил этилишидан мақсад фуқароларнинг дард-у ташвишлари, уларни қийнаб келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, уларга ечим топиш эди. Бугунги кунга келиб халқ қабулхоналари орқали ўз муаммоларига ечим топаётган фуқаролар сони ортмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳокимлиги ва Қарши шаҳрида жойлашган “Санам” тикувчилик фабрикаси ҳамкорликда туманда истиқомат қилаётган, кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларга тикиш машинаси, турли газламалар ва тикувчилик учун зарур бўлган ускуналар топширилди. 

Ана шундай фуқаролардан бири Бобоева Зайтуна. У 2012 йилдан буён 1-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Шерзод ака ҳам ногирон, икки кўзи кўрмай қолган. Бобоева Зайтунанинг қўлидан озми-кўпми тикувчилик келади. Ушбу оилага тикув машинаси тақдим этилди ва “Санам” фабрикасидан ташриф буюрган моҳир тикувчилар унга янги андозалар бўйича мастер-класс ўтиб беришди.

Туманнинг Шерали ҚФЙда яшовчи Раҳмонова Феруза болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Унга ҳам тикувчилик қилиши учун тикув машинаси, газламалар ва зарур ускуналар тақдим этилди.

- Бу икки фуқаро халқ қабулхонасига ташриф буюриб, оилавий шароитлари оғирлигини, қўлларида ҳунарлари борлигини, иш юритиб олишлари учун туртки зарурлигини айтишди, - дейди Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов. – Биз уларга тикув машиналари тақдим этдик. Моҳир тикувчилар уларга тикиш ва бичиш сирларини ўргатишди. Келажакда ҳам бу ва шунга ўхшаш хонадонлар ҳолидан хабар олиб, уларни оилавий бизнесга йўналтиришни мақсад қилганмиз.

Мавзуга оид