Россияга қонуний йўл билан ишлаш учун кетган меҳнат мигрантлари нега сарсон этилди?
Kun.uz таҳририятига Россия Федерациясига қонуний йўл билан ишлаб, пул топиш мақсадида кетган ва саргардон бўлган, оғир меҳнат ва яшаш шароитларидан қийналгани учун юртимизга қайтиб келган фуқаролардан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатномада таъкидланишича, улар Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» томонидан ишга юборилган.
«Москвага етиб борганимизда «Трудовые резервы Евразии» ООО билан шартнома имзоладик. Патент 25 кунда эмас, 10 кундан зиёд кечикиб олинди. Кейин бизни бир ташкилот омборхонасига ишга қўйишди. У ерда бизга кўрсатилган шартномадан тубдан фарқ қилувчи шартнома кўрсатишди ва хоҳласанг шу дейишди. Чангиб ётган склад ва оғир ишда мен ва шерикларим ишлаб кўришди. Кейин шартнома шартлари умуман бошқа бўлганлиги ва иш ҳақи қарийб икки баробар камлиги учун норозилик билдирдик. Бизни яна бир бошқа жойга ишга ўтказишди. У ерда эса меҳнат шартномасини бир неча кундан сўнг беришди. Унда аниқ сумманинг ўзи йўқ. Биз билан Ўзбекистонда тузилган шартномага умуман мос келмаганлиги сабабли дўстимдан қарз олиб, қайтиб келдик. Орада жуда кўп сарсон бўлдик. Нега бизни бунчалик эьтиборсиз қолдиришди? Бир неча кунлик сарсон-саргардонлик ва ҳеч қаерга ўтмайдиган сохта шартномалар кимга ва нега керак эди? Кузатиб борувчи учун пул тўлагандик, тиббий кўриклардан ўтиб борувдик ва шунга ўхшаш хизматлар ва патент харажатлари учун пул ундиришди. Амалда эса кузатиб борувчи йўқ, тиббий маълумотномалар кераксиз қоғоз бўлди. Патентга берилган пуллар эса йўқ иш учун тўланган бўлиб чиқди. Мен билан кетганларнинг кўпи бошқа иш излаб кетди. Вокзалларда тунашга мажбур бўлишди. Бизга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплашини ва алданиб юрган ҳар бир кунимиз учун маънавий зарарни тўлашини талаб қиламан», – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Ғанижон Икромов.
Унинг таъкидлашича, 2018 йил май ойида Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»дан рўйхатдан ўтган. Танловдан ўтгандан кейин тиббий кўрикка йўналтирилган. Тиббий кўрикнинг ўзига 300 минг сўмдан зиёд сарфланган. (Шу ердан бошлаб сарфланган харажатларни ҳисоблаб борамиз). 2018 йил 1 июнь куни тайёрлаш ва жўнатиш харажатлари учун 1 687 400 сўмдан тўловни амалга оширишади.
Шундан сўнг, 2018 йил 21 июнда «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ – «Иш берувчи» номидан «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев ва меҳнат мигрантлари ўртасида маиший техника омборхонасида ишлаш учун кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш ва 3 кун дам олиш ҳамда 35000-40000 рубль ойлик иш ҳақи кўрсатилган меҳнат шартномаси тузилади.
Ғанижон Икромовнинг таъкидлашича, йигирма уч кишидан иборат меҳнат мигрантлари 843 минг сўмдан авиачипта сотиб олишгач, 2018 йил 27 июнь куни Россия Федерациясига учиб кетишади.
Москвага етиб боришгач, 2018 йил 28 июнь куни «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ва меҳнат мигрантлари ўртасида яна шу мазмундаги шартнома имзоланади.
23 кишидан иборат меҳнат мигрантлари гуруҳи Россия Федерациясида қонуний ишлашга рухсатнома олиш учун ҳар бири шартномада кўрсатилган 39 800 рублдан (ўша вақти 650 АҚШ доллари, ҳозирги АҚШ доллари курси билан ҳисоблаганда 5 миллион сўмдан зиёд) тўловни амалга оширишади. Уларнинг орасида банкдан 900 АҚШ долларидан кредит олган мигрантлар шу маблағ ҳисобидан тўлашади. (Харажатлар ортиб боряпти). Ҳужжатлар 2018 йил 4 июль куни тегишли ташкилотга топширилади.
Ётоқхонага жойлаштирилган 23 кишининг икки нафари, яъни бир нафарида қайта тиббий кўрик вақтида сил касаллиги аниқлагандан кейин ортга қайтарилади, яна бир нафари ўз хоҳиши билан кетган. 21 нафари қарийб бир ой ётоқхонада рухсатномани кутади. Уларга берилаётган овқат мурожаатчининг айтишича, истеъмол қилиб бўлмас даражада бўлган (янада қўполроқ тасвирлади у, аммо этика нуқтаи назаридан «қоғозга ўрадик»).
Уларнинг 15 нафарига рухсатномалар 2018 йил 31 июлда, қолган 6 нафарига номаълум сабабларга кўра, 10 августда кечиктириб берилади.
Бизга мурожаат қилган Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи Аббос Ибодуллаев ўша дастлабки рухсатнома берилган 15 нафар мигрантнинг орасида бўлган. Унинг таъкидлашича, уларнинг меҳнат шартномасида кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш ва 3 кун дам олиш ҳамда 35000-40000 рубль ойлик иш ҳақи кўрсатилган ишга эмас, 12 соатлик оғир шароитли бошқа ишга олиб боришади. Улар томонидан билдирилган барча эътирозлар рад этилади. Кейинчалик, яъни 10 август куни қолган 6 нафар юртдошимизга ҳам рухсатнома расмийлаштирилади. Унгача улар ейиш, яшаш учун анчагина маблағ сарфлашади ва рухсатнома қўлга теккач, дастлабки 15 кишилик гуруҳга бориб қўшилади.
Шартнома шартлари бажарилмагач ва оғир меҳнат ҳамда оғир яшаш шароитлари туфайли меҳнат мигрантлари ва иш берувчилар ўртасида турли келишмовчиликлар келиб чиқади. Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»га бўлган қўнғироқ ва мурожаатлар эътиборсиз қолади.
Аббос Ибодуллаев ва унинг яна бир неча шериклари иш берувчилар билан келишмовчиликлар туфайли ётоқхонадан ҳам айрилади, турли жойларда ёлланма ишчи сифатида ишлашга мажбур бўлади. Сарсон-саргардон қолишади. Турли жойларда, вокзалларда тунаб қолишга мажбур бўлишади. Аббос Ибодуллаев бизга бу маълумотларни тасдиқлайдиган бир нечта суратларни тақдим этди. Бир оз сифатсиз бўлса-да, эътиборингизга ҳавола этамиз.
Саргардонликлардан чарчаган йигитларнинг айримлари Россия Федерациясида ишлаб юрган танишлари орқали бошқа иш топишади. Аббос Ибодуллаев эса оғир шароитда касаллик орттириб олгани учун қарз ҳавола қилиб Ўзбекистонга қайтиб келади. Шу йил августнинг охирида юртига қайтган йигит бизга мурожаат қилганида эндигина касалхонадан чиққан эди.
Ғанижон Икромов рухсатномаси 10 августгача чўзилиб, кеч чиққан гуруҳ орасида эди. У ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилган шартлар бажарилмагач, сарсонгарчиликлар туфайли авиачипта учун Россияда ишлаётган бошқа танишларидан қарз олиб, 25 август куни Самарқандга қайтади.
Уларнинг айтишича, қонуний йўл билан кетган 23 кишидан аксарияти бошқа иш топиб, Россиянинг турли жойларига кетиб қолишган.
Ғанижон Икромов ва Аббос Ибодуллаев қонуний йўл билан Россия Федерациясига ишга бориш, турли сарсонгарчиликлар ва қайтиб келиш учун жами 10 миллион сўмдан зиёд харажат қилганликларини, бу етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлашни «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»дан талаб қилмоқда. Аммо Ғанижон Икромов улардан рад жавобини олган. Аббос Ибодуллаевнинг ҳам бу борада боши қотган.
Наҳотки, шунча харажат қилиб, қонуний йўл билан ишга кетишса-ю, охири ноқонуний, ёлланма ишчи бўлиб ишлашга мажбур бўлишса!? Бу ноқонуний йўлни тутиш учун Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»га мурожаат қилиб, шунча маблағ сарфлашлари шарт эмас эди. Битта авиачипта харажати кетарди, холос. Улар ҳам буни англаб туришибди. Шунча харажат қилишса-да, қонуний йўл билан, тинч-хотиржам ишлашни ният қилишган. Афсуски, уларнинг умидлари пучга чиққани юқоридаги ҳолатлардан ҳам аён.
Масалани янада чуқурроқ ўрганиш учун шу гуруҳда меҳнат мигранти сифатида қонуний йўл билан кетган, айни пайтда Россия Федерациясида турли юмушларни бажариб юрган йигитлар билан боғландик.
Самарқандлик Жонрид Худойбердиев ва Рашид Ҳусановлар ўз ҳолатларини ва бўлиб ўтган воқеаларни аудио хабар орқали шундай тасвирлайди:
Бу ҳолатга ойдинлик киритиш ва изоҳ олиш учун Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директор Р.Гусев билан суҳбатлашдик. У бу ҳолат бўйича Россия Федерациясидаги ҳамкорларига хат, сўровнома жўнатганлиги, улардан жавоб келса, яқин кунларда масалага ойдинлик киритишини билдирди. Шунингдек, ушбу юборилган меҳнат мигрантлари гуруҳидан айни вақтда ҳақиқатан ҳам бор-йўғи 12 нафари иш жойида меҳнат қилаётганлигини таъкидлади.
Нима бўлганда ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз Россия Федерациясига қонуний йўл билан ишлашга бориб, қанча маблағидан ажрагани, қарзга ботгани, шунча оғир кунларни, саргардонликларни бошидан ўтказгани бор гап. Бунинг учун кимдир ёки тегишли мутасадди ташкилотлар жавоб бериши керак. Ҳолат қонуний ўрганилиб, етказилган зарар қопланиши зарур.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва бошқа тегишли масъуллардан тез кунларда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиши ва изоҳ беришига умид қиламиз.
Бардошбек Самад ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024