Жамият | 11:10 / 18.09.2018
3915
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи Халқаро кўргазма янги йўналишда ўз ишини бошлайди

20-22 сентябрь кунлари «Ёшлар ижод саройи»да Ўзбекистондаги ҳамда дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган касб ва мутахассислик йўналишлари билан ёшларни таништириш, касб танлашга кўмаклашиш, ҳукумат томонидан таълим соҳасида ёшлар учун яратилаётган имкониятларни тарғиб қилиш, бўш иш ўринлари ҳақида ёшларга маълумотлар бериш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида анъанавий тарзда ташкил этиладиган «Таълим ва мутахассислик» XIХ Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазма Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Кўргазма таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилиб, унда маҳаллий олий таълим муассасалари ҳамда АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, кўргазма давомида бозор иқтисодиёти шароитида энг рақобатбардош, талаб қилинаётган мутахассисликлар билан таништирувчи таълим дастурлари намойиш этилади ҳамда бандликка кўмаклашувчи марказлар, йирик компаниялар иштирокида «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси» ўтказилади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларини ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар иштирокчи ёшларда катта қизиқиш уйғотишига шубҳа йўқ.

Навбатдаги кўргазмада илк бора Тошкент шаҳридаги касб-ҳунарга ўргатиш маркази ва хорижда ишлаш истагида бўлган ёшлар учун Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолияти билан танишиш имконияти яратилади.

Мазкур кўргазманинг очилиш маросимида Ёшлар иттифоқи томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида биринчи маротаба ташкил этилган «Мен танлаган олийгоҳ» видеороликлар танловининг тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

«Таълим ва мутахассислик» XIХ Халқаро кўргазмасига уч кун давомида 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган 20 мингга яқин ёшлар ташриф буюриши кутилмоқда.

Мавзуга оид