Жаҳон | 23:44 / 18.09.2018
16912
2 дақиқада ўқилади

Исроилликлар Ил-20 билан боғлиқ вазиятда ўзларини разилона тутдилар – россиялик сенатор

Фото: РИА Новости / Виталий Белоусов

Россия Ўрта ер денгизи устида ўзига қарашли Ил-20 разведка самолёти йўқолгач, Суриядаги ҳаво ҳужуми тизимини модернизация қилиш учун қўшимча элементлар қўшиши мумкин. Бу ҳақда Федерал кенгашнинг мудофаа қўмитаси аъзоси Франц Клинцевич айтиб ўтди.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Ил-20 ҳалокатидан кейин Россия Суриядаги ҳарбийларининг хавфсизлигини кучайтиришини айтган. Сенаторнинг фикрича, гап Сурияга янги турдаги қуролларни етказиш ҳақида кетмаяпти. “Ҳаво ҳужумига қарши такомиллашган тизим келгусида Россияга қарши нодўстона ҳаракатларнинг олдини олиш ва жазолашга имкон беради”, деб қўшимча қилган Клинцевич.

“Исроиллик ҳарбийлар ёш йигитлар, россиялик зобитлар ҳаётлари ортига яшириниб, ўзларини разилларча тутганлар”, деб таъкидлаб ўтган сиёсатчи. 

17 сентябрь Москва вақти билан соат 23:00да Суриядаги Ҳмаймим базасига қайтаётган Ил-20 самолёти билан алоқа йўқолган. Маълум қилинишича, тахминан шу вақтда Исроилнинг 4 та  F-16 қирувчи самолёти Суриянинг Латақия вилоятидаги объектларга зарба берган. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, исроиллик учувчилар Россия самолёти ортига яшириниб, уни Сурия ҳаво ҳужумига қарши воситалари зарбасига тутиб берган. Самолёт С-200 мажмуаси ракетаси билан уриб туширилган. Оқибатда 15 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. 

Россия томонининг таъкидлашича, Исроил самолётлари атайлаб хавфли ҳолатни юзага келтирган. Авиацияни бошқариш воситалари Ил-20 қўнаётгани сабабли уни кўрмаган. Боз устига, Исроил Россиянинг Суриядаги қўшинлари қўмондонлигини Латақияга ҳужум қилмоқчилигидан хабардор қилмаган. Россия мудофаа вазирлиги Исроил томонининг ҳаракатларини душманона деб баҳолаб, тегишли жавоб ҳаракатларини амалга оширишга ҳақли эканини айтган.  

Мавзуга оид