“Кейинги бекат – Беруний” (Тошкент метрополитенига оид айрим мулоҳазалар)
Ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат, анъаналарга садоқат, аждодларимиз томонидан яратилган маданий, илмий, ижодий меросларни ўрганиш, уларга муносиб авлод бўлиш руҳида камолга етишларида бугунги авлоднинг ўз ўрни бор. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайтида эълон қилинган мақолада бугунги кунда жаҳон аренасига чиқиш учун бор имкониятлардан фойдалана оляпмизми, деган мушоҳада юзасидан фикр юритилган.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастури ва сайловолди Платформасида улғайиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун миллий қадриятларимизни, тарихимизни, буюк алломалар, фан ва маданият дарғалари бўлган буюк шахсларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш, ёшларимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотиш муҳим вазифа этиб бегиланган.
Республикамиз пойтахти Тошкент – нафақат тошкентликлар балки барча вилоятлик ёшлар, бутун мамлакатимиз аҳолиси, хорижлик меҳмонлар ҳам катта эътибор қаратадиган ривожланган, қадрли шаҳар. Айниқса, талабаликдек олтин даврни бу азим шаҳарда ўтказган ёшлар, бир умр фахр билан такрор-такрор унга талпинадилар. Миллатимиз фахри бўлган бу қадим Шош бугунги кунда дунёнинг энг машҳур шаҳарлари билан ўзининг бой архитектураси, қадимийлиги, замонавийлиги, Шарқ гавҳари эканлиги билан беллаша оладиган шаҳри азимга айланиб бормоқда.
Тошкент метрополитени эса, энг гавжум, тезкор йўловчилар учун ҳар томонлама қулай транспорт воситадир. Метро бекатларининг бугунги кунда қандай жиҳозлангани, айниқса, буюк алломаларимиз, фан, адабиёт, санъат намояндаларининг номлари берилган бекатларга эътибор қаратсак.
Мавжуд 29 та бекатдан 9 тасига буюк алломаларимиз, таниқли шахсларнинг номлари берилган: Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Юнус Ражабий, Абдулла Қодирий, Ғофур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва Ойбек. Бугун ахборот асрида яшамоқдамиз. Ҳар бир нигоҳимизда кўрганимиз, ҳар он эшитганимиз бу тезкор даврнинг турфа янгиликларидан хабардор этмоқда.
Тошкент ерости йўли бекатлари ҳам замон талабидан келиб чиқиб, реклама ва эълонларга бой. Йўловчиларнинг аксариятини ёшлар ва мамлакатимизнинг узоқ-яқин вилоятларидан, қўшни давлатлардан келган меҳмонлар ташкил этади. Камида 5 дақиқагача метро поездларининг келишини кутиб туришни ҳисобга олсак, метро бекатини кузатишга вақт бемалол. Аммо қизиқувчан йўловчиларга керакли маълумотлар берувчи эълон рекламалар зина майдонларига қўйилган. Метро бекатининг ички ҳудудида турли безак ва нақшлар, чироқлардан бошқа диққатни тортадиган маълумотлар йўқ. Айниқса, буюк аждодларимиз, мутафаккирларимиз, машҳур шахслар номи берилган бекатларда. Хўш, бу инсонлар ким бўлган, уларнинг ҳаёти, ижодий, илмий фаолияти ҳақида маълумотлар кираверишда ёритилса, ички деворларда уларнинг тафаккур дурдоналари, асарлари қаҳрамонларининг талқинлари, машҳур тўртликлари ифода этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, Алишер Навоий метро бекати ички деворларига “Хамса” китобидаги 5 та достон номлари ёзилган. Шу асарлар номларига диққат билан боқиб турган ўқувчи қизчани фотолавҳага муҳрладик.
Мана шу бекатда ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумотлар лавҳаси бўлиши керак. Ҳикматга бой рубоийларидан намуналар шарқона услубда ёзилса, унинг асарлари асосида олинган фильм ёки спектакллардан фотолавҳалар билан жиҳозланса йўловчиларнинг “шоирлар султони” ҳақидаги таассуротларини янада кенгайтирган бўлар эдик. Худди шу мулоҳазалар бошқа бекатларга ҳам тегишлидир.
Яна бир масала бу - метро бекатларининг номларини эълон қилиниши ҳам менталитетимизга ва адабий тил меъёрларига, сўзлашув маданиятига ҳам мос деб бўлмайди. Агар эътибор берсангиз вагонларда қуйидагича эълон берилади: “Кейинги бекат- Беруний! Ёки Ҳамид Олимжон”, дейилиши ҳам ғализ эшитилади. Ўзбекона чиройли жумла билан ифода этилса ўринли бўлади, деган таклифни билдирмоқчимиз. Масалан, “Ҳурматли, йўловчилар, кейинги - Абу Райҳон Беруний номидаги бекат”.
Маълумки, ҳар бир метро бекатида мониторлар ўрнатилган. Агар мазкур мониторларда юртимизнинг туризм салоҳияти, маданий мерос объектлари, бугунги бунёдкорлик ишларини тарғиб этувчи роликлар намойиш этилса, ёшларимиз, пойтахт меҳмонлари учун фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Шиддаткор замон билан ҳамнафас бўлиб, илғор технологиялар, инновацион ғоялар ташаббускори сифатида майдонга чиқаётган ёшларимизга бугунги тараққиётнинг асоси миллий қадриятлар, буюк алломаларимиз моддий ва маънавий мероси, маънавий жасорат эгалари бўлган ота-боболаримиз меҳнати самараси эканлигини барча жабҳаларда тарғиб этиш орқали, партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Мавзуга оид
22:58 / 02.06.2021
Сергели–Қўйлиқ ер усти метроси қурилишида 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади
00:07 / 02.06.2021
Ҳаво ҳарорати кўтарилгани сабаб Тошкент ерусти метросида ҳаракат тезлиги чекланади
08:38 / 25.05.2021
Метрода йўловчи ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар амалда мавжуд эмас - Агентлик
23:42 / 24.05.2021