Ўзбекистон | 00:07 / 02.06.2021
11760
2 дақиқада ўқилади

Ҳаво ҳарорати кўтарилгани сабаб Тошкент ерусти метросида ҳаракат тезлиги чекланади

Тошкент метрополитени маъмурияти об-ҳаво кескин исиши сабабли кундузги вақтда ерусти линияларида поездлар тезлиги пасайтирилишини маълум қилди.

«Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поездлар Тошкент ерусти Ҳалқа йўлида соат 18:00гача соатига чегараланган тезлик (30-35 км/соат)да ҳаракатланади», – дейилади расмий билдиришда.

Компания бу чеклов куннинг қайси вақтидан бошлаб амал қилиши ва қачонгача давом этишига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида метронинг Сергели ерусти йўлида поезд тўхтаб қолиб, йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда кетишига тўғри келган, бунга йўналишдаги контакт рельсининг кронштейнни ушлаб туриш қурилмаларидан чиқиб кетиши сабаб бўлганди.

Ўшанда йўналишда ҳаракат 6 соатга тўхтаб қолган, метрополитен расмийлари бу ҳолни ҳаво ҳароратининг исиши билан боғлаб изоҳлаганди.

«Биз билгандик шунақа бўлишини, шунга тайёргарлик кўргандик. Фақат бир ойдан кейин бошланади деб тургандик. Чунки бу ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат эди. Билардик рельсларнинг узайишини. Темир йўлда ҳам бор бу нарса. Ҳаммасини ҳисобга олиб қўйганмиз, лекин ҳали вақт бор деб ўйлагандик. Ҳарорат 20 градус бўлгани учун ҳали бор деб ўйлагандик, шундай ҳолат юз бериб қолди», – деганди «Тошкент метрополитени» УК раҳбари Ойбек Худойқулов.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид