Жаҳон | 22:49 / 20.09.2018
32936
2 дақиқада ўқилади

Чўкиб кетган афсонавий кема топилди

Фото: Shutterstock

Австралия миллий денгиз музейи археологларининг фикрича, улар XVIII асрда британиялик тадқиқотчи Жеймс Кук бошқарган HMS Endeavour кемасининг чўкиб кетган жойини аниқлашди. Бу жой АҚШнинг Род-Айленд штатидаги Наррагансетт кўрфазидаги Гот ороли яқинида жойлашган. 

Мутахассисларнинг айтишича, кема қолдиқларини сув ости қазиш ишларидан кейингина аниқ идентификация қилиш мумкин. Бу ишларни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган. Археологлар эман ва қарағай ёғочидан тайёрланган ва сув остида 200 йилдан кўпроқ вақт ётган кемадан айнан нима қолганини билишмайди. 21 сентябрда музей ходимлари кема чўккан жой рельефининг батафсил уч ўлчовли тасвирини тақдим қилишлари кутилмоқда.

Род-Айленд штати маъмурияти австралиялик мутасадди шахсларга кеманинг ҳар қандай бўлагини Австралияга олиб кетишга рухсат олиш учун музокаралар ўтказишларига тўғри келишини айтган. Музей ишчилари қазиш ишлари давомида топиладиган баъзи буюмларни 2020 йил апрелида, Кукнинг Австралияга келишининг 250 йиллигига томошага қўя олишларига умид қилишмоқда. 

Кема 1764 йилда қурилган. У 1768 йилда Кук қўмондонлиги остида Англиянинг Плимутини тарк этиб, ўзининг илк дунё бўйлаб саёҳатига жўнаган. 1770 йил апрелида Кук ушбу кемада Австралиянинг шарқий соҳилига етиб келган. Таъкидланишича, кема саёҳатдан кейин ҳарбий кемага айлантирилган ва 1778 йилда АҚШ мустақиллиги учун уруш вақтида чўктириб юборилган.

Мавзуга оид