Журналист президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлди. Президент маслаҳатчиси лавозими ҳали бўш
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон 24» телеканали бош муҳаррири лавозимида ишлаган Фарҳод Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари этиб тайинланди.
ЎзА хабарига кўра, Фарҳод Маҳмудов Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати бўйича Президент маслаҳатчисига ўринбосарлик қилади.
Маълумот учун, Фарҳод Маҳмудов 1973 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. У 1996 йил Тошкент давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги журналист. 2008 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2018 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланган.
Фарҳод Маҳмудов 1995 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келган.
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Шавкат Мирзиёев президент девони негизида президент администрациясини ташкил этган, кўп йиллардан буён девонда Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов лавозимдан олинган эди.
У ҳозирча президент спичрайтери лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Хайриддин Султонов бошқарган хизматни айни пайтда Абдужаббор Абдувоҳидов бошқариб турибди.