Жамият | 16:31 / 21.09.2018
11818
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг Ҳиндистонга сафари олдидан Маҳатма Ганди китоби нашр этилди

Ўзбек ва ҳинд халқларининг дўстлиги узоқ мозийга бориб тақалади. Тарих зарварақларининг ҳар бир саҳифасида бу дўстлик, ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин намуналарини кўришимиз мумкин. Айниқса, маданият, адабиёт ва санъат соҳасида ижодий алоқалар чегара билмайди.

Шу маънода, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга сафари олдидан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи муносиб туҳфа ҳозирлади. Ҳинд халқининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашган давлат ва жамоат арбоби Маҳатма Карамчанд Гандининг “Менинг ҳаётим” китоби нашр этилди. Ушбу китоб жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. “Менинг ҳаётим” таржимаи ҳол китоби. Аммо у муаллиф ҳаётигагина чизгилар бермайди, балки таржимаи ҳол баҳонасида Ганди ўзининг бутун дунёқарашини, ҳаётда кўзлаган мақсадларини ошкора ва холисона ифодалаб беради. М. Ганди ўзининг кечинмаларига бой ҳаёти билан Ҳиндистон халқи учунгина эмас, балки бутун дунё халқлари учун намуна бўлиб қолди. 

Нашриёт-матбаа ижодий уйида ҳинд адабиётининг асосчиларидан Робиндранат Тагорнинг 8 жилдлик асарлари ҳам нашрга тайёрланмоқда.

Бу мажмуа охирги марта 1953 йилда ўзбек тилида чоп этилган эди.

Ҳиндистон давлат мадҳиясининг муаллифи Р. Тагор асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларида таржима қилинган. Унинг асарлари ҳинд адабиётининг юксак чўққиси ҳисобланади. Адибнинг назм ва насрда яратган образлари ўзининг юксак пафоси инсонийликни ёрқин бўёқларида тараннум этиши билан ўқувчилар қалбини забт этган. Нашрга тайёрланаётган ушбу китоблар ҳам ўзбек китобхонларга манзур бўлиши табиий.

Мавзуга оид