Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида, жумладан, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтиришга оид қатор вазифалар белгиланди. Қувонарлиси, бу педагоглик касбининг жозибадорлигини оширди. Натижада янги ўқув йилида мактабларга эркак ўқитувчилар ҳам қайтмоқда, деб ёзади “Маърифат” нашри.
Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра, 2017-2018 ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган жами 408 135 нафар педагог ходимнинг 120 336 (29,5 фоиз) нафарини эркаклар ташкил этган. Республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд бўлса-да, эркак ўқитувчилар сони 30 фоиздан ошмаган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этган. Таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар туфайли бу рақамлар жорий йилда сезиларли даражада ўсди.
Университетдан мактабга
— Бу йил Қорақалпоқ давлат университетининг қорақалпоқ филологияси факультетини тамомлаб, Хўжайли туманидаги 3-мактабда иш бошладим, — дейди Жалғасбай Нуратдинов. — Очиғи, мактабда ишлашга иккиланаётгандим. Юртимизда ўқитувчилар нуфузини оширишга катта эътибор қаратила бошлангани менга далда берди. Ойлик маошлар ошгани, турли имтиёзлар берилаётганидан руҳландим. 5-, 6-, 7-синфларга қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан сабоқ беряпман. Илк таассуротлар жуда яхши.
Ўзбекистон Миллий университети магистратурасининг 2-босқич талабаси Сарвар Нишонов ҳам Яккасарой туманидаги 144-мактабда миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанидан сабоқ бермоқда.
— Тошкент ислом университетини имтиёзли тамомлаганман. Талабалик йилларимда 2016 йилда Имом ал-Бухорий, 2017 йилда Ислом Каримов номидаги стипендиялар соҳиби бўлганман, — дейди Сарвар Нишонов. — Ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўраман. Таълим-тарбия жараёнида қаттиққўллик жуда зарур эканлигига қисқа муддатли иш фаолиятим давомида ишонч ҳосил қилдим. Бундай вазифани бажаришда эркак ўқитувчиларнинг ўрни катта.
“Муаллим бўламан” деганда қувонмагандим”...
Президент фармонига кўра, энди пенсияга чиққан педагоглар ишлайдиган бўлса, ойлик маошини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди. Усмон Бердиқулов ҳам бу йил нафақага чиқан бўлса-да, янгиликни эшитиб, меҳнат фаолиятини мактабда давом эттиришга аҳд қилди. 42 йиллик педагогик стажга эга муаллим 30 йилдан бери Бахмал туманидаги 8-мактабда фаолият юритиб, 5—11-синфларга технология фани сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

















