17-26 сентябрь кунлари Олмаота шаҳрида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) ташаббуси остидаги CALP-2018 (Central Asian Leadership Programme) - IX Марказий Осиё етакчилик дастури (МОЕД) доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

Марказий Осиё минтақасида сув, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит билан боғлиқ қатор йўналишларда глобал фикрловчи, инновацияларга тайёр, муайян кўникмаларга эга ёш минтақавий етакчилар ҳамда янги авлод бошқарувчиларининг ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
IX МОЕДнинг асосий мақсади - ёш етакчиларнинг Марказий Осиё минтақасида тенденциялар, амалдаги ҳамда янги чақириқлар, мавжуд имкониятлар ва саъй-ҳаракатларга доир салоҳияти ва тушунчасини ошириш, шунингдек Марказий Осиё ёш етакчиларининг давлат идоралари, илмий доиралар, фуқаролик жамияти, бизнес ва халқаро ҳамжамиятлари ўртасидаги минтақавий мулоқотни мустаҳкамлашдаги ролини намойиш қилиш.

IX Марказий Осиё етакчилик дастури шиори: "Марказий Осиё етакчилари - минтақавий ҳамкорлик ва "ифлосланишдан холи сайёра" тарафдори.
Тадбирнинг асосий мавзулари 5-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё халқаро экология форуми (МОХЭФ)даги мавзуий йўналишлар билан уйғунлашган:
⦁ қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергосамарадорлик;
⦁ сув дипломатияси: сув ресурсларини бошқаришда минтақавий ҳамкорлик;
⦁ қўриқланувчи табиий ҳудудларда биохилма-хилликнинг сақланиши ва тармоқнинг ривожланиши;
⦁ қаттиқ маиший чиқиндиларни космплекс бошқариш;
⦁ секторлараро ёндашув - Марказий Осиёда сув, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликка эришиш учун барча ресурслардан оқилона фойдаланиш имкони.
МОМЭМнинг "Барқарор ривожланиш йўлидаги таълим" дастури менежери Татьяна Шакирова Етакчилик дастури ҳақидаги қизиқарли маълумотлари билан бўлишди:
"Марказий Осиё етакчилик дастури илк марта 2010 йилда Остона шаҳрида йўлга қўйилди. Биринчи йили беш мамлакатдан атиги 13 нафар иштирокчи қатнашган бўлса, сўнгги беш йилда уларнинг сони асосан 30-35 кишини ташкил қилмоқда. Бу йил 5 ўринга 40 дан ортиқ киши даъвогарлик қилди. Дастлаб Афғонистон дастур таркибида бўлмаган. 2011 йилда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ҳамкор сифатида таклиф қилинган. Дастур Остонадаги Назарбоев университети базасида ўтказилди, кейинроқ МОМЭМ уни Олмаотадаги идорасида ўтказиш ташаббуси билан чиқди. МОМЭМ Етакчилик дастурининг ҳам молиявий, ҳам ташкилий томонларини ўз зиммасига олган".
















