Спорт | 22:30 / 23.09.2018
17952
2 дақиқада ўқилади

ОЧЛнинг янги мавсумида Ўзбекистонга ажратиладиган квоталар миқдори маълум бўлди

Осиё Футбол Конфедерацияси келаси икки мавсум давомида қитъанинг клублар миқёсидаги нуфузли мусобақалари - Осиё Чемпионлар Лигаси ва ОФК Кубогида қатнашадиган клублар сонига аниқлик киритди.

2019-2020 йилларда бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистонга 1+2 кўринишида йўлланмалар ажратилди. Бу ОФКнинг клублар ўртасидаги мусобақалари рейтингига асосланди ва бунда миллий терма жамоа натижалари 10 фоиз улушни, клубларнинг ОФК мусобақаларидаги натижалари эса 90 фоиз улушни ташкил этди.

ОФКнинг клублар ўртасидаги мусобақалар рейтинги қитъа чемпионлар лигаси ҳамда ОФК кубогида мамлакатлар клубларининг муваффақиятли иштирокига қараб янгилаб борилади. 2019-2020 йиллар учун квоталар ажратилган дастлабки рейтингда Ўзбекистон 43.305 рейтинг очкоси жамғарган ҳолда Осиёда 9-ўринда қайд этилди. Ғарб минтақасида БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва Эрондан сўнг 5-ўрин банд этилди. Бу эса Ўзбекистон чемпиони келаси икки йил давомида ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олишини таъминлайди. Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳамда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритадиган жамоалар эса ОЧЛ саралашининг иккинчи босқичидан курашга киришиш имкониятига эга бўлишади. 

Таъкидлаш жоизки, ОФК клублар ўртасидаги мусобақалар рейтингидан келиб чиққан ҳолда йўлланмаларни тақсимлаб чиқди. Қайсидир аъзо мамлакат ассоциацияси клублари бирор сабаб билан (масалан, лицензиялашдан ўта олмай) қитъа миқёсидаги мусобақалардан четлаштирилса, йўлланмалар сонида ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Шу сабабдан ОЧЛ ҳамда ОФК кубоги қатнашчилари йўлланмаларининг якуний рўйхати декабрь ойи бошида ОФК томонидан эълон қилинади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид