Жаҳон | 22:09 / 24.09.2018
11291
2 дақиқада ўқилади

Нобель мукофотига муқобил мукофот совриндорлари эълон қилинди  

Фото: Right Livelihood Award

Нобель мукофотининг муқобили деб аталувчи, Right Livelihood Award Foundation жамғармасининг “Тўғри турмуш  тарзи учун” мукофоти тақдимоти бўлиб ўтди. Жорий йилда ушбу мукофот Саудия Арабистони, Гватемала, Австралия ва Буркина-Фасо вакилларига топширилди.   

Тақдимоти 23 сентябрда бўлиб ўтди. Пул мукофоти берилиши кўзда тутилмайдиган соврин гватемалалик ҳуқуқшунослар Иван Веласкес ва Тельма Алданага топширилди. Уларнинг фаолияти ўз давлатларида ҳокимиятнинг юқори эшелонларида коррупцияга қарши курашга қаратилган бўлган.  

Пул мукофоти берилиши кўзда тутилган совринга буркина-фасолик фермер Якуб Савадого лойиқ топилди. У Африкада чўллар тарқалишига қарши кураши учун тақдирланган. “Чўлни ушлаб турувчи одам” деган ном олган Савадого 96 минг евро миқдорида пул мукофоти олган.

Худди шу миқдордаги яна бир пул мукофоти австралиялик агрономга чўл ва яримчўл ҳудудларида ўрмон етиштириш усулини ўйлаб топганига берилган.

Саудия Арабистони вакиллари ушбу мукофотни илк бор олдилар. Булар ҳуқуқ ҳимоячилари Валид Абу ал-Хайр, Муҳаммад Фаҳод ал-Кахтаний ва Абдуллоҳ ал-Ҳамид. Улар ўзларининг авторитар жамиятларида тинч йўл билан инсон ҳуқуқларини ҳимоялашни жорий қилишга уриниб келадилар. Уларнинг барчаси ушбу саъй-ҳаракатлари сабабли панжара ортида бўлишларига тўғри келган.

Right Livelihood Award Foundation мукофоти 1980 йилда таъсис этилган. Унинг   жамғармаси хайриялар ҳисобига тўлдириб борилади ва бугунги кунда 313 минг еврога яқинни ташкил қилади. Мукофот инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва тинчликни ҳимоялашдаги саъй-ҳаракатлар учун, Нобель мукофоти топширилишини рад этган 4 киши ёки ташкилотга берилади.

Мавзуга оид