Ўзбекистон | 11:04 / 24.09.2018
5485
4 дақиқада ўқилади

Ўсимликлар клиникасини қандай манфаатли шартларда ташкил этиш мумкин?

Фото: picjeysaer.longmusic.com

Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2018 йилдаги 734-сон қарори билан ўсимликлар клиникаларини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар ўсимликлар клиникаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

• ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш;
• ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалар билан таъминлаш.
 
Ўсимликлар клиникаси юридик шахс тарзида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси (филиали) шаклида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида ташкил этилади. ДХШ лойиҳаларида иштирок этиш тадбиркорга бизнесни энг манфаатли шартларда бошлаш имконини беради.
 
Хусусий шериклар танлов асосида аниқланади. Танловни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Давлат-хусусий шерикликка номзодларни танлаш бўйича комиссияси ўтказади.
 
Танлов тўғрисидаги барча ахборотни давлат томонидан шерик - Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий сайтидан олиш мумкин. У ерда танловлар, шартлар ва уларни ўтказиш саналари тўғрисида ахборот эълон қилинади. Шунингдек, сайтда иштирок этиш учун аризани расмийлаштириш ва танлов натижаларини билиш мумкин.
 
ДХШ тўғрисида битим тузишга талабгорлик қилувчи номзод ўз номзодини кўриб чиқишда Комиссия мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Номзодлар комиссия ишида иштирок этишга таклиф қилинадилар.
 
Хусусий шерикнинг аризаси кўриб чиқилганлиги учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади ва у давлат томонидан шерикнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
 
Саралашдан ўтиш учун номзод қуйидагиларга эга бўлиши зарур:

• юқорида белгиланган вазифалар доирасида тўлиқ ҳажмда хизматлар кўрсатиш имкониятини тақдим этадиган тегишли моддий-техник база, товар захираси ва айланма маблағлар мавжудлиги;
• зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларни аниқлаш, шунингдек, ўсимликларга ишлов бериш учун кимёвий, биокимёвий, биологик воситаларни қадоқлаш учун тегишли лаборатория ускуналари, инвентарнинг мавжудлиги;
• зарарсизлантириш бўйича отряд ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг мавжудлиги;
• зараркунандаларга қарши курашиш учун биомаҳсулотлар етиштириш учун шарт-шароитларнинг мавжудлиги.
 
Танловга фақат бир нафар иштирокчидан ариза тушган тақдирда у ўтказилмайди, қарор эса Комиссия томонидан иштирокчининг аризасини ва аризага илова қилинадиган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш якунлари бўйича танлов тўғрисида эълон берилган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддат тамом бўлгандан кейин 5 иш куни мобайнида қабул қилинади.
 
Танлов якунлари бўйича асосий ва захира ғолиблар аниқланади. Танлов ғолиби ДХШ тўғрисидаги битимни имзолашни рад этган ёки ундан бош тортган тақдирда, захира ғолиб билан тегишли битимни имзолашга йўл қўйилади.
 
Ҳужжатда ДХШнинг қуйидаги шакллари назарда тутилади:

• давлат мулкининг фойдаланилмаётган бўш турган объектларини, ш.ж. фаолият кўрсатмаётган давлат муассасаларининг биноларини "ноль" харид қиймати бўйича сотиш;
• давлат мулки объектларининг фойдаланилмаётган биноларини узоқ муддатга бепул фойдаланишга бериш (битим 30 йил муддатга тузилади);
• қурилиш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкасини беғараз ажратиш (битим 30 йил муддатга тузилади).
 
Ҳужжат 17.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид