Жаҳон | 11:02 / 25.09.2018
8618
2 дақиқада ўқилади

МДҲга аъзо етти давлат махсус хизматлари шартли террорчиларга қарши операция ўтказди

Фото: РИА Новости / Михаил Воскресенский

МДҲга аъзо етти давлат махсус хизматлари террорчилик ташкилотларининг яширин гуруҳлари фаолиятига чек қўйиш бўйича машғулот ўтказди. Бу ҳақда МДҲ аксилтеррор маркази матбуот хизмати хабар қилди

Ўқув машғулотларининг биринчи босқичи 4-6 сентябрда етти давлат ҳудудида бўлиб ўтди. Ўқув машғулотлари дастурига кўра, халқаро террорчилик ташкилотлари эмиссарлари мессенжерлар орқали МДҲ давлатлари ҳудудида буйруқ кутаётган яширин гуруҳлар аъзолари билан боғланишади ва террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун Қирғизистонга бир гуруҳ жангариларни жўнатишади. Уларнинг қуролланиши учун террорчилик ташкилоти аъзолари Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Қирғизистонга етказиб бериш мақсадида Афғонистондан Тожикистонга қурол-яроғ жўнатишади.  

Ўқув машғулотлари давомида Қирғизистон махсус хизматлари террорчиларнинг мулоқоти Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги IP-манзиллардан амалга оширилганини аниқлашди. Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари халқаро террорчилик ташкилотининг шартли эмиссари ва шартли жангариларни қўлга олди. Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари мазкур давлатлар ҳудудлари орқали қурол олиб ўтилишининг олдини олишди. Бундан ташқари, МДҲ давлатлари молия разведкаси ушбу "террорчилик тармоғи"ни молиялаштираётган шахсларни аниқлади.

Мавзуга оид