Nexus: Сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи Nexus лойиҳаси Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу кўп секторли инвестициялар учун имкониятлар яратувчи лойиҳадир, бу инвестициялар эса, ўз ўрнида сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлайди.
Олмаота шаҳрида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), USAID, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, ЮНЕСКО ва Қозоғистон-Германия университети қўллаб-қувватлаши остида атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масаласига бағишланган IX Марказий Осиё Етакчилик дастури доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг "Атроф-муҳит бошқаруви" дастури етакчи мутахассиси Салтанат Жакенова KUN.UZ мухбирига лойиҳа ҳақида сўзлаб берди.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган бир даврни бошдан кечирмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш - Марказий Осиё мамлакатлари сиёсатининг устувор жиҳатларидан бири. Қандай йўл билан ривожланиш, қандай инвестициялар жалб қилиш - бошқа масала.
Агар илгари ҳар бир сектор ўзи учун алоҳида сармоя жалб қилган бўлса ёки лойиҳалар давлат бюджети асосида амалга ошириладиган бўлса, нима учун энди лойиҳаларни бирйўла бир неча сектор талабини қондирадиган даражада бажармаслик керак?!
Nexus лойиҳаси экологик барқарор инвестицияларни тарғиб қилади. Даставвал лойиҳа идентификацияси кетаётган пайтда унинг ғояси муҳокама қилинади.
Экологик барқарор инвестициялар - бу атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатувчи сармоялар. Биз бизнес даражасига чиқмаймиз, биз давлат органлари ва ҳукумат даражасида ишлаймиз. Лойиҳа бизнес томонидан амалга оширилса, у чиқиндилар борасида экологик ечимига эга бўлиши керак. Бизнес тараққиёт банкларидан кредит оладиган бўлса, банклар албатта АМТБ (атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш) жараёнини ўтказишни талаб қилади ва улар ушбу лойиҳани кузатиб боришади. Қурилиш лойиҳаси хавфларни камайтиришни кўзда тутувчи экологик режага эга бўлиши керак. Лойиҳа эътибор қаратаётган асосий жиҳатлардан бири - минтақавий инвестицион лойиҳа, бу Марказий Осиё минтақавий экологик маркази тараққиёт банклари билан муҳокама қилувчи лойиҳалардир. Ушбу лойиҳалар экологик йўналишга эга бўлади, масалан, Орол денгизи муаммолари.
Биз Nexus лойиҳаси билан шуғулланар эканмиз, бу лойиҳаларда ўзаро боғлиқлик борлигини, сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соғлиқни сақлаш тизимига ҳам таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз керак, яъни экологик муаммолардан ташқари лойиҳа таъсир доирасидаги яна бир неча секторлар мавжуд.
Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг экотуризм ривожига доир лойиҳаси ҳам бор. У минтақа мамлакатлари туристик салоҳиятидан фойдаланишга йўналтирилган. Лойиҳа Орол денгизи сув ҳавзаларини ўз ичига олгани боис атрофдаги ҳудудларни (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг жанубий қисми) қамраб олади. Бу ҳудудларга авваллари иқтисодий ва инвестицион жозибадорликка эга ҳудуд сифатида қаралмаган. Биз денгизни қайта тиклаш, бу фожиа ҳақида бонг уриш, грант маблағларини топишга уриниш бефойда эканини тушунамиз, чунки донорлик жамияти бундан чарчаган. Бироқ бу ҳудуддан туристик объект сифатида фойдаланиш мумкин.
Экотуризм - салоҳияти Марказий Осиёда етарлича баҳоланмаган, экологик маданиятни шакллантирувчи туризм. Бунда одамлар шунчаки объектларни томоша қилиш учун эмас, у ёки бу ҳаракатларнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етиш учун ҳам ташриф буюришади. Экологик маданият шу тариқа шаклланади. Лойиҳа бир неча таркибий қисмдан ташкил топади.
Энг асосий ва катта аҳамият касб этувчи компонент - инфратузилмавий. Бу йўллар, аэропортларни қуриш ёки реконструкция қилиш, кичик авиация ривожланишидир. Лойиҳа мавжуд қўриқланувчи ҳудудлар, миллий парклардан база сифатида фойдаланади. Асосий қисмиларидан бири - миллий парклар салоҳиятини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, маълумот марказлари, меҳмон уйларини қуриш.
Nexus лойиҳасига биз шунингдек этно- ва агротуризм элементларини ҳам киритишни жоиз деб топдик. Ҳа, агротуризмни (балиқ овлаш, ов қилиш) миллий парклар ҳудудларида ривожлантириб бўлмайди, лекин буфер зоналарида амалга ошириш мумкин.
Ҳозир Марказий Осиё (МО) мамлакатлари туризм вазирликлари даражасида сайёҳлар учун МО визасини жорий қилишга доир музокаралар олиб борилмоқда, чунки бундай фаолият ҳақиқатда жуда катта дивидендлар келтириши мумкинлигига доир тушунча мавжуд. Бу компонент шунингдек маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатишга оид билимлар беришни ҳам ўз ичига олади, яъни кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, тўлиқ хизматлар дастурини тақдим этишга ўргатиш: туристларни қандай жалб қилиш, уларга қандай хизмат кўрсатиш, маркетингни қай йўсинда ривожлантириш ва ҳ.к.
Непал, Жануби-Шарқий Осиёнинг Жаҳон ва Осиё банклари томонидан молиялаштирилган экотуризмга оид халқаро лойиҳалари муваффақиятсизликка учраган, чунки маҳаллий аҳоли ҳатто ўз хизматларини қандай тақдим этиш кераклигига доир тасаввурга ҳам эга бўлмаган.
Шундай экан, барча лойиҳаларни ўз табиатига кўра фақат инвестицион деб бўлмайди. Грант компонент ва техник кўмак албатта бўлиши керак.
Бундан аввал KUN.UZ'да сувдан оқилона фойдаланишга йўналтирилган Smart Waters ҳақида маълумот берилган эди.
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024