Жаҳон | 22:20 / 25.09.2018
21172
3 дақиқада ўқилади

Трамп БМТ Бош ассамблеясида нималар деди? Асосий тезислар

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ Бош ассамблеясининг 73-сессиясида чиқиш қилди.

Зал унинг нутқини кулги билан кутиб олди. Трамп нутқи бошида ўз маъмурияти икки йилга яқин вақт ичида бажарган иш ва эришган ютуқларга аввалги президентларнинг маъмуриятлари тўлиқ муддатда ҳам эриша олмаганини айтиб, мақтанганди.

Трампнинг нутқидан асосий тезислар:
- Унинг маъмурияти икки йилдан камроқ вақт ичида мамлакат тарихидаги деярли исталган президент маъмуриятидан кўпроқ натижага эришган. АҚШ «янада кучлироқ, бойроқ ва хавфсизроқ» бўлган.
- Жаҳон савдо тизими ўзгаришларга муҳтож. АҚШ савдо дисбалансини бартараф этиши, бунинг учун айрим мамлакатлар билан савдо келишувларини қайта кўриб чиқиши керак.
- ОПЕК мамлакатлари «бошқалардан ўғирлайди». Трамп улар нефть нархини оширишни бас қилишини, аксинча туширишини истайди.
- Суриядаги зиддият бўйича исталган қарор Эрон билан муносабатлардаги стратегияни ифодалаши керак.
- АҚШ бошқа мамлакатлардан «Эрон режимини яккалантириб қўйиш»ни сўрайди. Трамп Эрон ўзининг «агрессив» сиёсатини давом эттирар экан, бу давлатга қарши қўшимча санкциялар 5 ноябрдан тикланишини маълум қилди.
- Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга «жасурлик» учун ва ташлаган янги қадамлари учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан биргаликда, КХДРга қарши санкциялар Корея яримороли ядровий қуролдан буткул холи бўлмагунича сақланиб қолишини айтиб ўтди.
- Барча халқлар социализмга ва у келтирадиган «азоблар»га қарши туриши керак. Барча мамлакатлар АҚШнинг Венесуэлада демократияни тиклаш бўйича чақириғига қўшилмоғи лозим.
- Германия зудлик билан курсни ўзгартириши ва Россия энергоресурсларига қарамликдан халос бўлиши керак.
- АҚШ глобализм ғоясини инкор этади ва ватанпарварлик доктринасига ишонч билдиради. Шунинг учун, АҚШ Халқаро жиноий судни тан олиш ва қўллаб-қувватлашдан бош тортади.
- АҚШ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида «реал ислоҳотлар» ўтказилмас экан, унга қайтмайди.

Мавзуга оид