Жаҳон | 11:08 / 30.06.2020
8275
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк губернатори Трампдан ниқоб тақиб юришни талаб қилди

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо АҚШ президенти Дональд Трампни ниқоб тақиб юришга ва барча америкаликлардан жамоат жойларида ниқоб тақиб юришни талаб қилувчи фармойишни имзолашга чақирди. Аввалроқ Куомо штатда ниқоб тақиб юриш шарт қилинган фармонни имзолаганди. 

Фото: AFP/Getty Images

The Guardian нашрининг хабар беришича, Куомо омма олдида ниқоб тақишдан бош тортаётган Трампдан шахсий ўрнак кўрсатишни ва коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун ниқоб тақиб юришни талаб қилган. 

“Биз буни штатимизда икки ой аввал қилганмиз”, деб айтган Куомо ва дастлаб шифокорлар тавсияларига қулоқ солмай, ниқоб тақишга қарши чиққан бошқа штатлар губернаторлари ҳозирда аҳолидан уларни тақишни талаб қилаётганларини қўшимча қилган.

Аввалроқ Оқ уй расмий вакили Кейли Макинани АҚШ президенти ниқоб тақишни “ҳар бир америкаликнинг шахсий иши” деб ҳисоблашини ҳамда юқори лавозимли сиёсатчилар ва хорижий етакчилар билан суҳбатда ниқобда бўла олмаслигини айтганини маълум қилган. 

Оқ уй раҳбари омма олдида мунтазам ниқобда пайдо бўладиган АҚШ вице-президенти Майк Пенсдан фарқли, ўз сайловолди кампанияси доирасида штатларга ва корхоналарга ташрифи вақтида ниқоб тақишдан намойишкорона бош тортмоқда.

Бу орада Канзас штати губернатор Лора Келли аҳолидан жамоат жойларида ниқоб тақишни талаб қилувчи фармойишни имзолаган. 3 июлдан кучга кирадиган ҳужжатга кўра, дўконларда ҳамда 6 футлик (1,83 метр) ижтимоий масофага риоя қилиш имкони бўлмаган ҳар қандай жойда ниқоб тақиш шарт ҳисобланади. 

Мавзуга оид