Ўзбекистон | 21:13 / 26.09.2018
22388
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича жами 1 миллионга яқин ўзбошимча қурилган турар жой аниқланган

Фото: Shutterstock

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилаётган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ўтказилган хатлов натижасида республика бўйича жами 1 млн.га яқин ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар аниқланган.

Давлат хизматлари марказлари маълумотига кўра, ушбу акция бошлангандан буён марказга 38 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Бу эса хатлов натижасида аниқланган иморатларнинг атиги 3,8 фоизини ташкил қилмоқда. Мурожаатлар натижаси бўйича шу вақтга қадар 5 мингдан ортиқ ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи берилди. Бироқ, комиссиянинг ижобий хулосалари мавжуд бўлсада, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 2 360 та мурожаат юзасидан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича тегишли қарорлар ўз вақтида қабул қилинмади.

Ушбу ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан ваколатли органларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 91 нафар айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ва улардан 41 млн. сўмдан ортиқ жарима ундирилди ҳамда 34 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги фармонига мувофиқ, фуқароларга ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини амал қилиш муддати 2019 йилнинг 1 майига қадар этиб белгиланган.

Мавзуга оид